Санжар Эралиевдин котормосундагы «Адам+» өзбек тилинде

ПОВЕСТЬ

Ўлжабой Шокир: Одам+

"Одам+" деб номланган ушбу қисса муаллифнинг трансгендер ўғлининг ҳаёти ва ЛГБТ ҳамжамияти дуч келадиган оғир синовларни акс эттирувчи қирғиз адабиётидаги биринчи бадиий асар. У кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган. Муаллиф бу асарда тоталитар тизим барпо этган коммунистик даврдан қолган стереотип тушунчаларни кескин танқид қилади.

---

Муаллифдан сўз боши

Уни фарзандим дейман. Лекин у менинг устозим. Унинг ёши мендан анча кичик. Қонимдан яралган тўнғич болам. Аммо ҳаёти давомида мен кўрмаган азобларни бошдан кечиргани боис ҳам устозим бўлиб қолди. Тақдир менга раво кўрган бундай синов кўзимни ҳам, қалбимни ҳам очди... Болам орқали кўзим очилди. Одамзод дунёсини танидим.

Ўз ўғли, ўз қизи билан дўст бўлиш - ҳар бир ота-онанинг қўлидан келади. Шунчаки аксарияти дўст бўлишни эплай олмайди. Менинг эса ўз фарзандларимга дўстлигим уларнинг тили чиққандаёқ бошланган. Аммо етарлича дўст бўла олмабман. Чин маънода сирдош бўлиб, чин маъонда бир биримизни тушунмасдан яшапмиз... Буни кеч англадим!

Кейин билсам, мен болажон бўлганим билан, фарзандларимга дўстона муомала қилишда зеҳнли эмас эканман. Барча нарсага юзаки қарагандекман. Кейин пайқадим буни. Уларнинг яшириниб ётган сирларини юзага чиқаришга кўприк бўладиган дўстона қадам ташламабман. Лекин ачинмайман ҳам, ўкинмайман ҳам, шунчаки бошқа ота-оналарга ибрат бўлсин демоқчиман...

Бошқа ота-оналарга сабоқ бўлиши учун “Одам+” номли қиссамни минг тўлғониб ёздим. Кўзимга жиққа ёш тўлиб, кўп бора юрақ сиқилди. Ичим ёнди. Қалбим эзилди. Аммо “худо бошга солганини кўрамиз” дегандан бошқа нима ҳам дея оласиз?

Инсоннинг ички дунёсидан бехабарларга ёт кўринган трансгендер одамларнинг тақдири ўз боламнинг пешонасига ёзилганини қайдан билай. Кўнглим ҳотиржам: гулдек қизим деб, авайлаб ўстирдим. У эса бўйи чўзилгани сайин хомуш тортиб бораверди, унинг қалби топишмоққа айланди. Айниқса, рафиқам оламдан ўтганидан кейин бу менга қўшимча қайғу-ҳасрат эди...

Тақдир тўқмоғи билан бошимга урганда болам орқали дунёни танидим. Дунёга бошқа даричадан қараш имкони яралди. Аввалги ўзимнинг дунёим тор эканини, қоронғу эканини ўз қонимдан яралган болам тушиндирди. Бошингизга фожеа келмагунга қадар, қайғу-аламни вужудингиз билан сезмагунча, ўз чегарамиздан нарида нима борлигини билмай, тушунчаларнинг рамкасидан чиқа олмас эканмиз.

Азал-азалдан бери буюк ҳақиқатга қайғу-ҳасрат, кўз ёш орқали эришиб келарканмиз. Ҳаёти қувонч ва бахтга тўла пайтда такаббурланиб, муғрурланиб яшаркан одамзод. Бурнингдан наридаги ҳақиқатни кўрмасдан, қачонгина Буюк Қайғу (Эх, номингдан ўргилай, Буюк Қайғу) бошга тушганда юрагинг юмшаб, кўз ёшлар орқали дилимиз тозаланади шекилли.

Фақат кўз ёш орқали қалбимиз ана ўша кўз ёшдек тоза, кўз ёшдек тиниқ дунёга эга бўларкан. Кўз ёш - қалбимизнинг гигиенаси, кўз ёш – ҳақиқатнинг калити, кўз ёш – меҳрнинг муҳри эканини, кўз ёш орқали меҳрибонлик ҳислари уйғонишини болам менга ўргатди! 

Боламнинг кўз ёшини тушинганимдан кейин мен ҳам кўз ёш орқали буюк ҳақиқатни танидим!

У ҳақиқатни беташвиш пайтимда, ҳаётим қувончли, қайғу-ҳасрат йўқ кезларда билган эмасман. Билишни ҳам истамаганман. ЛГБТ ҳамжамиятини мен ҳам ёмон кўрардим. Гейларни кўрсам тишим ғичираб, уриб ташлагим келарди.  Улардан нафратланиб, уларнинг ҳаёти менга жирканчли туюларди. Гўёки улар кайфу-сафони кўзлаб, Ғарбнинг таъсиридан заҳарланиб, буни шунчаки янгича урфдаги ҳаётга айландириб олишгандек сезиларди. Айтаман десам, гап кўп...

Кутилмаганда ташвишсиз ҳаётимга шукр қилиб юрган “бахтли” кунларимда гулдек қизим сўлий бошлади. Ўзи билакдеккина. Аммо боланинг бахтли онлардан норасида пайтида ажраб қолиши - қайси ота-она учун енгил бўларди...

Баъзан ота-она учун  ўз фарзандининг ҳарҳашасини, феъл-атворини кўтариш нақадар оғир. Аммо ўз боланг ЛГБТ вакили эканини эшитиш ундан икки карра, уч карра... ўн карра оғир бўлиб турган пайтда ЛГБТ феноменини тушунмаганларнинг нафратига дучор бўлишдан да ошган хўрлик йўқдир... Камига, дўстларимнинг, яқинларимнинг ва танишларимнинг орасидан ярамга туз сепадиганлар чиқди. Улар такаббурона очиқ ҳам, билдирмасдан ҳам масхара қилишди.

Айниқса, “Азаттиқ” орқали трансгендер ўғлимнинг тақдири ҳақида оммага сиримни ошкор этганимдан бошлаб ижтимоий тармоқларда бошимдан мағзава тўкканлар кўпайди. Лекин айнан ўша одамларга бугун минг бор миннатдорман! Бу менинг чин дилдан айтган гапим ва туйғуларим...

Улар бўлмаганда қийналиб юраверардим, ғайратим ошмас эди. Қайғуга ботардим. Такаббур, бошқаларга осмондан қараган дўстларимнинг, душманларимнинг устимдан кулиши - мени Буюк Қайғу томон олиб борди! Фақат кўз ёш орқали қалбим тиниқлашди.  Сабрли бўлишни ўргандим. Кўз ёш орқали феъл-атворим ўзгарди. Аввал булоқнинг кўзидек чанг босган дилим аста-секин тозаланди. Ҳудди булоқнинг шаффоф сувидек тинди...

“Одам+” номли қиссамни ўшандаёқ бошлагандим. Боламнинг дўстлари – ЛГБТ ҳамжамияти билан яқиндан танишдим. Ўз жонига қасд қилиш мақсадида томирини кесган йигитларнинг, қизларнинг кўксимга бош қўйиб ўксиниб йиғлашлари, бечораларни ўз ота-оналари уйдан қувиб юборгани етмаганидек, жамиятнинг жоҳиллиги, улардан нафратланиб, одам сафига қўшмаган қоронғу дунёси жонимга ботди.

Мен ҳақиқий Одамгарчиликни ЛГБТ ҳамжамиятида кўп учратдим. Уларнинг кўз ёшларга тўла ҳаётини биз тушинмас эканмиз. Уларни Худо таоло шундай яратган бўлса, биз нега нафратланишимиз керак?! Улар она қорнида ётганида Худодан шундай туғилишни илтижо қилган дейсизми?! Йўқ!

Биз улардан нафратланиб, орасидан кимнингдир ўз жонига қасд қилишига сабабчи бўларканмиз; биз улардан нафратланганимиз учун гиёҳвандликка туртарканмиз...

Ўзимга келсак, фарзандимга бўлган муҳаббатим аввалгидан ҳам ошди, унинг қалбини тушина бошлаганимдан кейин у менинг устозимга айланди. У болалигиданоқ жинсини аниқлашни қидирган ва унинг маънавий қалъаси меникидан анча баланд экан!

Одамзоднинг дунёсини таниш мақсадида шу кунга қадар ўқиган адабиётлар кўзимни бунчалик очмаганди. Менинг ўғлим ҳеч бир олий ўқув юртининг остонасини ҳатламай туриб, академиклар, докторлар, профессорлар бера олмаган билимни ўз қайғуси, кўз ёши орқали аллақачон ўрганибди. Кўз ёшининг шўри билан болам ёш чоғидайла файласуф бўлиб қолганини у билан ҳақиқий сирдош дўстга айланганимда тушиндим.

Агар мен унинг қалбини тушинмай, бошқа ота-оналар сингари “сендек қизим йўқ” дея уйдан ҳайдаб юборганимда, балки ўлиб қутиларди, ёки аламига чидамай ичкиликка берилиб, аллақачон гиёҳванд шўрликка айланарди. Сабаби, унинг дўстларининг тақдирларини биламан...

Ўлжабой ШОКИР

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

****

– Турақол, қизим… Турсангчи… Дарсга кеч қоласан,- илтимос қилди отаси.

– М-ма... – Анор ғаши келганича бошига ёстиқни ёпиб олди.

– Қизим, жоним... Турақол.... – ялинган отаси қизининг каровоти ёнида тиз чўкди.

– Ҳозир тураман, ота... –  бу жавобни эшитиб отанинг кўнгли ҳотиржам бўлди. “Насиб қилса, бугун дарсга бораркан”, дея ўйлади. Енгил тортди.

Қизининг дарсга боришига ишонди. Анорнинг манглайидан силади-да, ирғиб ўрнидан туриб, ошхона томонга юрди. Ўғил-қизига бўтқа пиширди. Дастурхон устини мева-чевага тўлдирди. Ширинликлардан қўйди. Малинани эзиб, бедана тухумига аралаштириб бир зумда коктейль ҳам тайёрлади. Коктейль - ўғил-қизининг жону-дили.

– Қизим турақол, овқатинг совиб қолади.

– Ота, Анорни уйғотаман деб овора бўлманг. Бугун ҳам бормайди у, - дея ўғли Жанар ишонч билан айтди.

– Бормаса уят, устозларининг юзига қандай қарайман... Неча бор... – отаси сўз топа олмади. 

Индамай овқатланишди. Мунгбой қизини илҳақлик билан кутди. Уйғонмади. Қизининг хонасига яна бориб, жонига тегишни истамади.

–Мен бораверай, - коктейлни симириб ичган ўғли сумкасини елкасига осди.

– Бирпасда тўйдингми? Овқатингни чала ебсанку.

– Яхшигина едим. 

– Яна коктейль ичасанми? 

– Борми?

– Сизлар учун йўқдан бор қиламанда, болам... Ма, буни ҳам... - ўғлининг кўнглини кўтариш учун жилмайди.

– Ўзингизга қани? 

Ўзига деган коктейлни ўғлига ушлатган отаси нима дейишни билмай, ияги билан музлатгични кўрсатди.

– Меники буёқда, - отаси буни шунчаки айтганини ўғлининг юраги сезди. Отасини ноқулай аҳволга солгиси келмади. Дили ғаш бўлиб юрган отасининг кайфиятини туширмаслик учун коктейлни қўлига олди. Бир хўплаб, қайтиб берди.

– Охиригача ич, - дея илтимос қилди отаси.

– Роса тўйиб олгандим, - дея қорнини силади Жанар.

Бу ҳам унинг чин сўзи эмаслиги отаси ҳис қилди.

Коктейлни кўпроқ қилиб, каттароқ фужерга қуймаган экан-да.

Яқиндагина онасидан бир умрга ажраган ўғил-қизининг кўнглига ҳар куни йўл излайди. Бошига тушган мушкулни ичига ютади. Чекаётган азиятини фарзандларим сезмасин дейди.

Бу уйда азадор кўнгилли уч инсон яшайди. Уйнинг ташқариси ва ичкариси гулга бурканган. Бу манзара Мунгбойнинг юрагини тирнайди. “Чаман гулларим. Ифорли гулларим. Шунчалик тез ўсдингизми? Яна ўсасизлар... яна гул очасизлар....” – ушбу сўзларни рафиқаси кунига такрорларди. Гулларни меҳр билан парвариш қиларди.

Ўғил-қизи мактабга кетиши билан гулларига сув қуя бошлаган шўрликнинг кўзидан мунчоқдек ёшлар тўкиларди. Буғдойдай ёш тўкиб, ўксиб йиғларди. Хўрсиниб, азобли инграрди. Гул тагидаги юмшоқ тупроқни мижиган қўллари титрарди. Раҳматли рафиқасининг гулларга сув қуйиб юрганини тасаввур қилади. Гуллар билан суҳбат қураётган умр йўлдошининг овози қулоғида янграйди. Шундан кейин Мунгбой ўзини тутолмай бўзлайди. Йиғи уни бўғади. Титраган вужудини қора ер зўрға кўтаради. Сиқилган юраги яна да қисилиб, чўчитади. Бу юрак тўхтаб қолса, ўғил-қизининг тақдири нима бўлади? Кунига шу ҳаёл Мунгбойга далда беради...

Чўғдек қизарган гулларга кунига бир бор қарайди. Энг оғири ҳам шу. Бу гуллар унинг кўзига кун ўтган сайин янада иссиқ кўриняпти.  Авваллари бунчалик меҳр бермасди. Уйнинг ичидаги гулларнинг анчаси сўлиб ҳам қолди. Гуллар ҳам касал бўлишини олдин билмасди. Қайси бирини қандай қилиб даволашни билмай овора.

Аввал уйнинг ичидаги ва ташқаридаги гулларга кўп эътибор ҳам қилмасди. Рафиқаси гуллар билан суҳбатлашаётганини эшитиб қоларди. “Сен касалланиб қолдингми? Ҳозир сени даволайман,- дерди. – Сен жуда чиройли очилибсанку!” – аёлининг гуллар билан гаплашгани унга ҳалати туюларди. Аввал ўсимликлар билан муомала қурмаган экан.

Умр йўлдошдан ажраб қолиш катта азоб экани шу гуллардан ҳам билинди. Раҳматли рафиқасининг қўли теккан буюмлар ҳам, гуллар ҳам кўзига шунчалик иссиқ учрайдики, ўксикли туйғуларга айланиб бормоқда. У гуллар четидан сўлиб битадиган бўлди. Сўлимаганларини танлаб узиб, кун ора Сожиранинг қабрига бориб қўйиб келишади.

Рафиқаси ишлатган буюмларнинг ҳаммасини авайлайди. Айниқса, қозон-товоқни жуда эҳтиётлайди.  Аввал қозон-товоққа аралашмагани учун билмасдан анчасини синдирди ҳам. Чойнак-пиёлалар қўлидан  тушиб кетиб, ерда парчаланиб ётанини кўрганда ҳудди тирик жонни ўлдириб олгандек сезарди ўзини...

– Қизим турдингми? – Анорнинг хонасига бош боқди. Меҳр билан қизига жилмайди.

– Ота, бормай қўя қолай.

Буни эшитган Мунгбой ҳолсизланди. Нима қилса экан? Уруша олмайди. Қизининг кўнглига йўл топмоқчи бўлди.

– Тўғрисини айт, нега мактабга боргинг келмаяпти?

Анор мўлтиллаб, индамади. Мунгбойнинг замони қўғирилди. Уйдан нарироқ бориб, қўл телефонини олди.

– Ал-ло, Динара... Яхшимисан? Бугун ҳам мени кечир... Анорни дарсга жўната олмадим. Қайсарланиб, бормайман деяпти. Нима қилишни ҳам билмайман.

–  Майли, қийнаманг уни... Сизни тушунаман. Қизингизни ҳам тушунаман... – Анорнинг синф раҳбарининг бу сўзлари билан ичи ёришгандек бўлди.

Ўқитувчининг муомаласидан кейин енгиллади. Елкасидаги оғир юкдан қутулгандек ух тортди.

Анори икки ҳафта дарсга бормади. Отаси ҳам, ўқитувчиси ҳам уни қийнашмади.

Бир куни Мунгбой ўзини қўлга олди. Раҳматли рафиқаси тушига кириб: “Ўғил-қизингни эркалатиб юриб, бўйнингга миндириб олдинг-ку”,- деди. Бу гапни тириклигида ҳам кўп таъкидлаган. Бекорга айтмагандир, дея қизининг раъйига қарамай эрталабда уйғотди. “Эркалатишнинг ҳам чеки бордир”, деб ўйлади Мунгбой.

Анорнинг хурпайган сочларини сувлаб тараб, ўриб беришга ҳаракат қилди, лекин эплай олмади. Қизининг сочини чиройли турмаклаб бера олмаганига ачинди. Турмушнинг муштларига кўнишига тўғри келади. Канча ҳаракат қилмасин, барибир рафиқаси ўрган сочларга ўхшамади. Қизининг сочини турмаклаб, капалакдек бантик боғлаб қўйишга анча қийналди. Тутамга кириши қийин сочлар уни овора қилди.

-Ота, бантик боғламангчи менга! - қизининг ғаши келди. Отасининг ҳаракатини ёқтирмай, қўлидан туртди, - Умуман бантик таққим келмайди! Э-эй... неча бор айтдим сизга... Ундан кўра қирқиб ташланг, - дея жаҳл қилди қизи. 

Анорнинг қаршилигидан отасининг юраги тилка-пора бўлди. “Менга раҳми келгани учун шундай дегандир. Отам ҳар куни сочимни турмаклаб, бантик боғлаб овора бўлмасин дегандир”,- деб таҳмин қилди. Бу фикрлар уни ичига тушган қизил чўғдек ёндирди. 

– Ақлли қизим менинг. Хўп, сен айтгандек бўла қоласин, - меҳр билан Мунгбой Анорнинг пешонасидан ўпди, - Қирқсак қирқамизда.

Мунгбой аскар хизматида юрган пайтида ўрганган ҳунари – сартарошлик эди. Дарров қўлига қайчини олди ва қизиниг сочини чиройли қилиб калталади. Анорнинг қовоқ-қоши очилиб кетса бўладими. Калта сочини кўзгудан кўриб суюнди. Такрор ва такрор ойнага боқиб, отасидан миннатдор.

*      *     *

Мактаб остонасини хатлаши билан Мунгбойнинг кўнгли осмон қадар бўлди. Фахр бурчига илинган қизи билан ўғлининг расмларини кўриб хурсанд. Республикада шахмат турнирининг бер неча бор чемпиони бўлган Анор билан Жанар мактабнинг энг фахрли ўқувчилари экан-да.

Ўғил-қизининг ўртаси бир ярим ёш бўлгани учун иккаласи эгиздек эрчишиб, бир синфда ўқишади. Бунинг ҳам сабаби бор: Сожира Анорни етти ёшида мактаб бермоқчи бўлди. Уйда кичик фарзанди Жанарни қарагани одам йўқлиги туфайли уни ҳам эрчитиб олганди. Мактаб-гимназиянинг қонун-қоидасига кўрса имтихон ўтказилиб, саволларга Анордан аввал Жанар жавоб бериб ўтирди. Жим ўтир деганга кўнмади. Бидир-бидир қилиб, опасидан аввал жавоб бериб, ўқитувчиларнинг назарига тушди. Шу билан Анор ва Жанар бир синфда ўқиб қолишди...

Ўғил-қизининг синф раҳбари Динара билан Мунгбойни мактаб директори яхши кайфиятда кутиб олди. Республика бўйича мактаблар аро мусобқалаларда Анор билан Жанарнинг шахматдаги муваффақиятлари билан фахрланган ўқитувчилар Мунгбойга ҳурмат бажо келтиришди.

Икки-уч ҳафтадан бери дарсларда иштирок этмаётган Анорга барча ўқитувчилар тушуниш билан муомала қилаётганини айтган директорнинг хонасидан чиққан Мунгбой қайғудан қутулгандек уйига қайтди. Бундан буён қизини мактабдан қолдирмасликка директорга сўз берди. Кайфияти бир зумда кўтарилди. Бунга ўзининг ҳам ишончи комил эди. Эртадан бошлаб ўзим ҳам компаниянинг ишлари билан шуғулланарканман, деб ўйлади. Лекин эртасиёқ мушкулли кунлар бошланди.

– Турақол,  Анор... Озгина вақтинг қолди. Кеч қоласан.

Қизи ёстиқдан бош кўтармади. Отасининг гапларини эшитдими, йўқми номаълум.

-Турсангчи, қизим, - илтимос қилди отаси.

-Қизим деманг! Бўлди! – Анор бу гапларни негадир жаҳл билан айтди. Бу сўзларнинг ортида қандай маъно ётганига  отаси эътибор бермади.

*      *     *

Ўқув йилининг охири – май ойининг якунланиши ҳам азобга айланди. Ҳар куни Мунгбой Анорга ёлворади:

– Оз қолди, бориб келгин. Хўп, эртанги дарсларга борма, лекин бугун бориб келди...

Шундай қилиб кунлар ортидан кунлар ўтиб, Анор 7-синфни зўрға тамомлади. Жанар иккаласи битта синфда ўқигани яхши бўлган экан. Уй вазифаларини ҳам Анорнинг ўрнига Жанар бажаради...

Охири ёзги таътилга чиқишди. Мунгбойнинг кўнгли ҳам таскин топгандек бўлди.

Ўзи ҳам меҳнат таътилига чиқиб, ўғил-қизи билан яйловга бориб, дам олишга қарор қилди. Усиз ҳам уйдаги кўзга кўринган нарсанинг барчаси юрагини эзиб юборган...

Анор дастурхон ёзди. Отасининг юрагини тилган сўз айтди ўшанда:

-Мана бу қиёмни тугатайлик, ота. Ачиб кетмасин. Онам ўз қўллари билан ясаган қиёмларнинг охиргиси шу. Бошқа йўқ... – буни эшитган отасининг бўғзига бир нарса тиқилгандек бўлди.

“Охиргиси” – не деган сўз бу?! Юраги зир этди. Чиндан ҳам дастурхонда Сожиранинг ўз қўллари билан қилган қишги салатлари ҳам тугаб, банканинг ярмида қиём қолибди холос. Охиргиси! Шундай қиёмни энди унга ким ясаб беради? Бу қиём – Мунгбой, Анор, Жанар учаласи учун Сожирадан қолган охирги ризқ бўлмасдан, нима? Вужудини азадор соғинч эгаллади...

Сожира тириклигидаги охирги Янги йил байрамини эслади. Ўзи тўшакда касал ётганига қарамай, Янги йил дастурхонини ўзгача тайёрлаганди. Жони оғриб турса ҳам, игна ютгандек инграб: “Барчасини ўз қўлларим билан қилайин, болаларим”, - деб атрофида гирдикапалак бўлган фарзандаларини ҳам, Мунгбойни ҳам дастурхон безатишга яқин йўлатмаганди. Ўшанда бу каби байрамона кайфиятни ўз қўли билан охирги бор қилаётганини ҳис қилган экан!

Буни ёмонликни бошидан кечирган инсоннинг юраги сезаркан холос. Одам оғир йўқотишдан кейин ҳам яқин инсонидан қолган заррадек нарсани ҳам қимматбаво тошдек авайларкан. Анор шу норасида қалби билан сезганига отасининг кўнгли бўшаб кетди...

Учаласи уч тарафдан бирин-кетин қошиқ солишди.

Бундай қиём, бундай ризқ энди учаласига качон буюрарди. Умр йўлдоши пиширган қиёмнинг таъми айни дамда жуда ҳам мазали туюлди Мунгбойга. Оч қолгандек уч қошик еганига қараб, Анор рози бўлгандек гапирди:

-Буни кунига мен тугатяпман, ачиб кетмасин деб... Бир пиёла чойни ҳам қиёмсиз ичмайман, - бу гап юракка етиб борди. Қизининг эсли эканига суюнди...

Сожирадан қолган қиёмни ўша куни учаласи тугатишди.

Уйдаги бу уч жоннинг алами уч бошқа. Учаласи ҳам кўз ёшини бир бирига кўрсатмасдан  йиғлашади. Учаласи ҳам қаноти синиб, ерга урилган қуш каби. Сожиранинг ўлими учаласининг ҳам қанотини синдириб кетгандек бўлди.

 *      *     *

Иссиқ-Кўлда халқаро шахмат мусобақаси ташкил этилаётганини эшитган Анор билан Жанар ташқаридан суюниб кириб келишди:

– Биз ҳам иштирок этайликми, ота? – дейишди иккаласи бирдек қувониб.

Янгиликка учаласи ҳам суюниб, бир ҳафтадан кейин йўлга отланишди. Яйловга эса шахмат мусобақасидан кейин борадиган бўлишди.

Бу сафар Мунгбойда ишонч унчалик мустаҳкам бўлмаса-да, ўғил-қизининг кўнгли учун иложсиз таваккал қилди.

-Борсак борамиз!

Бу каби ҳалқаро мусобақада кучини синаб кўрсин дегани билан, Сожирани сўнгги манзилга кузатгандан бери Анор билан Жанарнинг шахматдан тайёргарлиги суст эди. Қизи ҳам, ўғли ҳам ундан бери шахмат доскасини қарашгани йўқ. Мураббийга ҳам боришмади.

Шахмат турнирида қатнашувчи иштирокчиларнинг рўйхати тузила бошлаган куни Анор йигирма ёшдан катта эркаклар билан куч синашаман деганига отаси унамади. Бу қилиғи Қиз Сайқалнинг Манас билан найза сайишаман деганидек гапку. Ёки бу эркакни номусга чақирган Жанил мирзанинг характерими?

-Ўз тенгдошларинг турибдику, - деди аягандек, - бунинг учун катта тайёргарлик керак!

– Ота-а! – қайсарлик қилгиси келди қизи.

Аввал ҳам ўжарлик билан эркаклар орасидаги мусобақада иштирок этганди, лекин бу сафар ҳалқаро мусобақа...

– Қўй, қизим! – Анорни катта ўйинчиларнинг чангида қолиб кетмасин дея аяди отаси.

– Анор, юрсанг, - дея Жанар ўн саккизга тўлмаган иштирокчиларнинг узун рўйхатининг олдига Анорни ва отасини эрчитиб борди.

Рўйхатда Россия, Украина, Қозоғистон, Ўзбекистондан келган кучли иштирокчиларнинг рейтингини кўрган Анор фикрини тезда ўзгартирди. Отасининг гапига энди қулоқ осди. Ўз тенгдошларининг рўйхатида орасида мастерликка, гроссмейстерликкача етган ўйинчилар юрипти. Ноъмалум бир ҳаяжон босди. Ҳозирча у мастерликка давогар холос.

Рўйхатга олишнинг эртаси энг кучли иштирокчиларнинг бири билан куч синашган Анорга қоралар тўғри келди. Россиялик гроссмейстер Анна исмли қиз билан мусобақа қай тарзда якунланишини кутган Мунгбойнинг сабри тугади. Меҳмонхонанинг катта деразасидан ҳар бир иштирокчига назар солган ишқибозлар ҳам кўпроқ Анор билан Аннанинг ўйинига эътибор қаратишди.

Қоралар билан ўйнаганига қарамай, Анорнинг эрта ҳужумга ўтиши Мунгбойни ташвишга солди. Қизи энг хавфли позицияга эртаёқ ўтиб олганига ташқаридан қараб тинчсизланган Мунгбой ўрнида тура олмади, у ёқдан бу ёқа юра бошлади.

Ўғли Жанар эса умуман кўринмайдиган тарафда – кўпчиликнинг ортида ўтиргани туфайли, унинг ўйини ҳам, ҳолати ҳам ноъмалум. Ўйин охиригача нима бўлиб кетиши уни жуда ташвишлантирди.

Меҳмонхона ташқарисидаги шахмат ишқибозлари ҳам Анор билан Аннанинг ўйинини қизғин муҳокама қилиб, Мунгбойнинг юрагига баттар ғулғула солди. Қизининг ўйинига тўпланиб эътибор қаратганлар орасидан унча-мунча бўйнини чўзиб қарайди, шахмат доскаси кўринмайди.

Ишқибозларнинг кўпчилиги бу ўйинда Анна билан Анорнинг кимиси фаворит бўлишини муҳокама қила бошлашди. Уларнинг ҳеч бирининг Мунгбой билан иши бўлмади. Улар Мунгбойнинг Анорнинг отаси эканини ҳам билишмайди.

Ўйин миттельшпиль бўлимидан эрта якунланди. Аммо ҳамма иштирокчилар орасидан бу иккисиники кўпроққа чўзилди. Иккаласи жуда қаттиқ куч синашишди. Анна Анорга қўл чўзганини кўрган сиртдаги мухлислар шов-шувга тушишди. Россиялик ўйинчи ютилди деб ўйлашди. Буни эшитган Мунгбой одатича қўл телефонидан Сожирага қўнғироқ қилиб, “Анор енгди!” дея суюнчиламоқчи бўлди-ю, телефонни ушлаганича қотиб қолди.

Поймонаси куйгандек ўксиди. Ҳеч кимга суюнчилай олмади! Кимга суюнчилашни ҳам билмади. Шу турганича кўзидан мунчоқдек ёш оқа бошлади.

Ҳар бир шахмат мусобақасида ўғил-қизининг кичиккина муваффақиятига суюунган Мунгбой Сожирага телефон қилиб, суюнчиларди, бу одатга кўниб қолган экан! Ўша одатича бугун ҳам суюнчиламоқчи эди...

Номаълум куч, номаълум соғинч туйғуси уни ўкситиб турди.

Нари тарафдан Анор билан Жанар эрчишиб келаётганини кўриб, улар томонга шошди. Иккиси ҳам ғолиб бўлишибди.

– Сизга нима бўлди?

Мунгбойнинг кўзидаги ёшнинг сабабини ўғил-қизи тушунишмади...

– Мен бу ғалабамни онамга бағишладим! – деди Жанар.

– Мен ҳам, – деди Анор.

Мусобақа тўққиз кун давом этди. Анор ҳам, Жанар ҳам ҳалқаро мусобақанинг чемпиони бўлишди. 

*     *     *

Ёзги таътил тезда якунланди. Кўнгил юпатиш учун яйловга бориб, тоғу-тошларни оралаб келишди. Янги ўқув йилига тайёргарлик бошланиб, ўғил-қизини етаклаганча Мунгбой “Дордой” бозорини кезди. Анорга кийим танлаш уни туйшукка солди...

Қизлар учун тикилган форма-фартукнинг бирортасини ёқтирмади Анор. 

– Йўқ, менга Жанарникидек кийим олиб беринг, -  дейди.

 – Ўғил боланинг кийимин киясанми, қизиқ?! Форма-фартук билан бормасанг, мактаб остонасидан хатлатиб ҳам қўйишмайди сени, - деди иложсиз қолган отаси.

Анор эса ҳадеб эркак болаларнинг кийимини кўрсатади:

– Мана, шуни олсак бўлади, ота. 

– Бу сенга бўлмайди дедим. 

– Бўлади! – дейди қайсар қизи. 

Кийим танлашда иккиси тил топишмади. Бирининг танловига иккинчиси кўнгиси йўқ.

“1-сентябрь – янги ўқув йилини бошлаш арафасидаги қизимнинг форма-фартук киймайман дегани нимаси?” – дея ҳайрон отаси.

“Нимага ўз танловимга эга эмасман?!” – дея кўнглининг тубидаги туманли тушунчаси қийнаган қизи отасидан норози...

Ўғил-қизига кузги ва қишги кийимларни сотиб олиб бермоқчи бўлган Мунгбойнинг кўзига қизил чўғдек пальто уринди. Қизига роса ярашадигандек.

– Буни кийиб кўрчи, - деди Анорнинг кўнглини кўтариш мақсадида.

– Ота-а, қўйсангизчи шуни! – дея бу сафар ҳам отасининг танловини ёқтирмади қизи.

– Анор, отамни қийнаб юборинг! Кўп эркалайверма... – Жанар отаси томон бўлиб, пальтони олди ва Анорни кийиб кўришга мажбурлади. – Кийсангчи, ёқмаса бошқасини танла. Балки сенга ҳам ёқиб қолар...

Хафагарчилиги ёзилмай, оғир ух тортган Анор отасини ва Жанарни ёқтирмаган ҳолда иложсиздан қизил пальтони елкасига илди.

-Кўзгуга қара, жуда чиройли ярашар экан. Ҳудди сен учун тикилгандек, - русумига яраша белбоғи бор қизил пальтони Анор ёқтирмаса ҳам сотувчига Мунгбой пулни узатди.

– Мен буни барибир киймайман! -  қизи безовталанганича олдинга юриб кетди. Кўзгуга ҳам қарамади. Отаси нес ҳолатда ўрнида қотди.

Анор ўша куни мактабга кийишга спорт костюмидан бошқа кийим олдирмагани отасини ташвишга солди. Йилига онасига ўзи истаганини олдириб кўнган қизига унинг ҳохишидаги кийим танлаб бера олмаганига пушаймон бўлди.

Мунгбойнинг кўнглидаги муаммо кийим билан тугаса қани, аммо ўқиш бошланиб, Анорнинг “эски дарди” тутди: мактаб қоидасига зид кийим кийиш одати бор. Бир куни боради, эртаси айнийди. Отасининг юраги зириллаб қолди. Кунига эрталаб қизини мактабга жўнатиш ота учун азобга айланди. Қизини уйғота олмайди, уйғонса, мактабга бормайман дея иложсизликка туртади.

– Ўқишга бормайман! – дея кескин жавоб берадиган одат чиқарди. Унақа пайтда алдаб-салдаб, қўлидан етаклаб, ярим йўлгача кузатиб боради.

Мунгбойни азобга солган кунлар энди бошлангандек. Қизининг тушунарсиз ҳарҳашасидан туйшукка ботган уйини сотиб, тунарган турмушини ўзгартирмоқчи бўлди. Балки бу уйда онасини соғингани учун қийналаётгандир деган фикрга борди. Ўғил-қизининг мактабидан унчалик олис эмас ҳудудга кўчиб ўтишди. Аммо янги уйда ҳам Анорнинг кўнгил дарди таскин топмади.

*      *     *

У аввалгидек хомуш, қайсарлигича қолди. Ҳамма нарсага беътибор, сирини ҳеч кимга айтмаган Анорнинг мактабидан ҳам отаси тузук-қуруқ жавоб топа олмади. Суриштириб кўрса, синфдошларининг барчаси билан яхши муоамалада экан, ўқитувчилар орасида ҳам Анорга нисбатан салбий фикрдагилар йўқ. Анорни кимдир камситса ёки ким бандир муаммоси бўлса, уни бошқалар сезмаса ҳам, бир синфда ўқиган Жанар билмай қолиши мумкин эмас ва у албатта отасига айтган бўларди...

Қизининг характери кескин ўзгариб кетганига нима сабаблиги тушунмаган Мунгбойнинг боши анчагача қотиб юрди.

– Ота, юринг, ташқарида гаплашамиз, – деди бир куни Жанар шивирлаб.

Ташқарида қоронғу тун. Рангги бир аҳвол Жанарнинг ҳам туриши бошқача.

– Нима бўлди, болам? 

– Анор охирги кунларда интернетдан ўз жонига қасд қилишга доир маълумотларни излаб юрипти, ота... - ўғлининг титраган овозидан Мунгбойнинг бадани жимирлаб кетди.

Буни эшитиб, ҳозир бир фалокат юз берадигандек ичкари томон шошди.

Эртаси қизини етаклаб республикадаги энг кучли болалар психологига борди. У ўз жонига қасд қилиш сабабларини ўрганиб юрган мутаххассис экан.

Анор билан анча гаплашиб ўтиргач. Мунгбойни хонага чақирди.

– Қизингизнинг тушкун аҳволи онасининг ўлимига умуман алоқадор эмас, сабаби умуман бошқа...- деган шифокорнинг сўзларига ҳайрон қолди.

– Бошқа қанақа сабаби бўлиши мумкин? – шифокорнинг таърифидан бадани қалтиради.

– Ҳозирча ҳеч нарса дея олмайман. Лекин сабрли бўлишни маслаҳат бераман,- дея шифокор сукут сақлаб қолди, - истаган пайтидан ўз жонига қасд қилиши мумкин. Қизингизга эътиборли бўлинг. Ҳамиша назорат қилинг,- психолог Мунгбойнинг қўлига керакли доривор ўсимликларни ёзиб берди ва кейинги процедураларга келиб туришни уқтирди.

Шу кундан бошлаб Мунгбойнинг тинчи йўқолди. Ванна ва ҳожатхонанинг ичкаридан бекитадиган илгичларини олиб ташлади, балконнинг эшигини очилмайдиган қилиб, михлади. Ошхонадаги пичоқларни яширди. Куну-тун қизини пойлаб, ишдан ҳам вақтинча бўшади.

Ташвишга ботган Мунгбой Анорнинг яширин сирини алдаб сўраб ҳам била олмади. Хомуш юрган қизини эркалатишнинг йўлларини излади. Топмади. “Қизим” дея манглайини силамоқчи бўлса, силтаб ташлаши аниқ.

Эркакнинг бардошини синдирган мушкулни кўтара олмас аҳволга шу кунларда дуч келди! Тақдирнинг синовини ҳис қилди! Жонни азобга солувчи ёлғизлик қурчовида қолди. Шу пайтда ёнида умр йўлдоши бўлса қанийди. Кўнглига таскин берувчи, юрагини юмшатувчи инсони ёнида бўлганида, ҳаётнинг бундай оғир синовига бўйин сунмасди. Икки фақирга балки бу синов енгил бўлармиди. Энди нима қилса экан... Нарги дунёда тинч ётган Сожира ёрдамга келсайди... Қизининг ўтиш давридаги ўзгаришларига эркак бўлгани учун тушунмаяптими? – шу савол бошини қотирди. Балки қизининг отасига айта олмайдиган сири бордир. Шифокорнинг мужмал тушунтиришига қараганда бу қанақа бало бўлдийкин...

Психолог ёзиб берган справка туфайли мактабдагилар ҳам Анорни кўп безовта қилишмади. Ордан уч ой ўтганидан кейин мактабдаги дўстларини соғинган Анор дарсга бора бошлагач, Мунгбойнинг кўнгли ҳотиржам тортди. Бироқ у ҳам кўпга чўзилмади.

– Ота, мактабни тарк этаман! – деди Анор бир куни кутилмаганда. 

Лом-мим дея олмай ўтириб қолди отаси. Нима деб жавоб беришни ҳам билмади.

– Майли, - дея бир оздан кейин бўшгина жавоб берди. Юмшоқроқ муомала қилмасдан бошқа иложи йўқ. Ич-ичидан ҳавотир олиб турса-да, “майли” дейишдан бошқа чораси йўқ.

Мактаб давриданоқ билимдан бош тортиши уни қўрқитди. Ўғил-қизига билим, таълим-тарбия беришдан бошқа хазина йўқлигини билгани учун ҳам қизининг мактабдан воз кечиш қарори Мунбгой учун кутилмаган зарба бўлди. Бошқа чораси қолмаган бечора ўз жонига қасд қилмасин деган ниятда қайсар қизининг гапларига вақтинча рози бўлди...

У куни Жанар уйда эмасди.

– Мени тушунганингиз учун рахмат, – отасини қучоқлаган Анор хўнграб йиғлаб юборди.– Сиз билан гаплашишни соғиндим, ота...  – хўрсинган қизи ўзини боса олмай йиғлади. Отаси ҳам ўзини тутиб тура олмади, йиғлади. Лабини тишлаб, индамай ўтирди.

– Жанар иккингиздан бошқа мени тушунадиган ҳеч кимим йўқ, ота... Иккингиз учун яшагим келади, –  буни эшитган Мунгбой бўшашиб, қизини бағрига босиб, ўзи унсиз йиғлаб ўтирди. 

– Жанар иккаланг менинг қанотимсизлар! Биттанг ўнг қанотим, биттанг чап қанотим...

– Сизни кўп қийнадим, ота... Мени кечиринг... Тўғрисини айтайми?

– Айт. Фикрингда нима бўлса айт. 

– Тўғриси, ўлгим келиб... ҳаракат қилиб кўрдим. Аммо сиз имконият бермадингиз. Ванна билан ҳожатхонани яширина олмайдиган қилиб ташлабсиз.... Сиз менинг ортимдан жосусдек қараб юрдингиз, - деди ҳазилона жилмайиб. – Ота, ишонсангиз... Жанар иккингизни аядим... Агар жонимга қасд қилсам, сиз касал бўлиб қолишингиздан қўрқдим. Менинг ўлимимга бардош қила олмай, сизга ҳам бирор нарса бўлиб қолса... унда Жанар нима қиларди... Иним кимнинг қўлида қолади дедим. Шуларни ўйладим. Агар кечира олсангиз, мени кечиринг... Сизни жуда қийнадим...

Анор кўз ёшнинг шўрли изи қолган отасининг юзидан ўпиб, сирларини очаётганига отанинг кўнгли тўлди.

– Олтиним, қўй, унақа дема! Силар учун азоб чекканим йўқ.

Кўпдан бери очилиб гапирмаган қизининг сўзларини тинглаб, ҳийлагина енгил тортди. 

– Ота, – деди анчагина таскин топган қизи, – Сизнинг қийналаётганингизни Жанар иккимиз кўряпмиз. Ҳали ёшсиз... Бир умр ёлғиз яшамоқчимисиз? Уйланинг эртароқ. Ўзингизга осон бўлади...

Бу гапни биринчи марта эшитаётгани йўқ.

Иккиси яна сукут сақлашди.

Сожиранинг қирқ кунлик маърака ошини берган куни эртасига Анор шу гапни айтганди.

– Ҳали ёшсиз... Ёлғиз юриш ярашмайди сизга, - деганди ўшанда.

– Қизим, бунақа гапни гапирма, - дея унда Анорнинг сўзларини ёқтирмаганди.

Эртаси нонушта пайдида Жанар гап бошлади:

– Ота, тунда Анор айтган гапларга қўшимчам бор эди, - деди айёрона.– Сизни Анор иккимиз тушунамиз. Ёшсиз, уйланинг...  Жанарнинг сўзини тўхтатиб, ўғил-қизини койиганди:

– Икковингга буни ким ўргатди?! Тўтиқушдек бир бирингни такрорлайсанлар! – деганди.

Бу гапни тиловат қилишга келганларнинг битта-яримтаси ўргатиб кетганига аччиғи келганди. Яримдил бўлиб турган Мунгбойга бу гаплар оғир ботганди. Ҳозирча Сожиранинг тўшагини бошқасига тепсатишга эрта эканини ўғил-қизига тушиндира олмаган.

– Бизга ҳеч ким ўргатгани йўқ, - деган гапларига ишонган эмас.

– Онангизнинг тупроғи совумасиданоқ шу гапларни айтасизларми менга?! Бунга қандай тилингиз боряпти?! Онангиздан ажраганларингга атиги қирқ кун бўлди! Нима, онангиздан шунчалик безор бўлганмидингиз, - кўзларига ёш тўлиб, - бу гапни бошқа эшитмайин, - деганди.

Ўшандан бери бу мавзу тўхтаган. Ҳозир яна Анор сўз очиб ўтирипти.

– Эҳ, қизим! – дея хўрсинган отаси, – айтиш осон... бировнин топиш... менинг ҳам ниятим бор. Жанар иккингизга ёмон гапирмаган меҳрибон одам топиш - менинг ҳам ниятим... Бу ҳаётдан тоқ ўтаримидим, - деди.

Буни эшитган Анор хурсанд бўлди.

– Бизни ўйламанг, ота. Кўнглингиз ёқтирган одамни топинг. Жанар иккимиз учун эмас, ўзингиз учун.

– Хўп бу мавзуни қўя турайлик. Ўзинг яна нималарни айтмоқчисан менга, - дея қизига разм солди.

– Бир нарса айтмоқчиман-у, лекин... – Анор лабини қимтиб, индамай ўйланиб қолди.

– Нима истасанг, айт. Сен мени сирдош дугонанг сифатида қабул ол, қизим.

– Бошқа сафар айтақолай, - дея ҳаяжонланиб турган қизини зўрлашни истамади отаси.

*      *     *

Такрор уйланиш - Мунгбой учун осон эмаслигини Анор билан Жанар қайдан тушинсин. Дилида “Ўгай – бегона, етим - сарсона” деган нақл. Болажон бўлгани учун фарзандларига ўгайлик қилмайдиган ёр топишни истайди. Анори билан Жанарига онасидек меҳр кўрасата оладиган одам учрайдими? Ўзи қирқнинг қиридан ошганида турмушда анчагина қоқилди, кўп нарсани бошдан кечиргандек бўлди...

Турмуш бошқа, ҳаёл бошқа эканини тушинган чоғида бировнинг қўлини сўраб, бош қўшиш осонми унга? Кўнгли севган бировни топиб, уйига киргизиб олгани билан у бир умрлик йўлдош бўлиб бера оладими? Оила қуриш туйшуги осон бўлса қани, кўнгли ёқтирган инсонни топиб келиш ҳам гапми... Анор билан Жанарнинг эркалигини кўтара оладиган ёр учрармикин?...

Ўзи ҳам жуда болажон, ўғил-қизини ошиқча эрка қилиб ўстирганини билади, бегона одам уларнинг эркалигини қандай кўтаради? – Мунгбойни шу ўйлантиради.

Пешонасига ёзилган ёрни топган чоғида ҳам кўнгли қай тарафга исишини ўзи ҳам билмайди. Ўғил-қизигами ёки янги рафиқасигами? Кўнгил қайси тарафга туртаркин?! Ўғил-қизининг ўгай она кесатиб турса нима қилади? Мабодо ўғил-қизи ўгай онадан жабр кўрсачи? Бир биридан қийқим излаб турса, қайси бирини ҳимоя қилади? Мунгбой икки ўтнинг орасида қолмайдими унда.

Бу фикрлар анчадан бери ич-этини кемиради.

У ўзи яшаган жамиятдаги болаларга нисбатан кучли босимга қарши. Оға-иниларими, қариндошларими, дўсту-ёрларими, ким бўлишидан қатъий назар, агар болаларга қўполроқ муомала қилса, боланинг тарафини олади. Катталарнинг одатига Мунгбой маъқул эмас. “Бола боладек бўлиши керак” деганларга қўшилмайди.

– Нега бола ўз фикрини очиқ айтмаслиги керак? – дейди унақа пайтда. – Катталаринг босимига кўнган бола ёлтоқ бўлади, иккиюзламачи, лаганбардор жамиятнинг бир бўлагига айланади, - дейди ва бу фикри мунозарага сабаб бўлишини ҳам билади.

– “Болани бошидан, хотинни ёшидан” деб ота-боболар бекорга айтибдими, - деганлар топилади, қолаверса: “Қизга қирқ уйдан таъқиқ” дейди эскилик сарқитларидан воз кеча олмаётган туғишганлари. Улар Мунгбойнинг ўғил-қизининг эркаликларини ёқтиришмайди.

Анор ҳам, Жанар ҳам уйга келиб-кетганлар билан бемалол гаплашиб ўтиришади. Бу эса бошқаларга ғалати туюлишини Мунгбой жуда яхши билади. Ўғил-қизини кичиклигиданоқ катталарнинг гап-сўзларига аралаштириб кўндиргани боис, улар чўчишни билишмайди. Катталар тост айтса ҳам иккиси ҳудди овчилардек уларнинг оғизларига термулиб ўтиришади.

Одатта уйга келган меҳмонларнинг қай бири сўзидан адашса, Анор билан Жанар дарров жавоб қайтаришади. Буларнинг ҳақиқати эса катталарни жириллаттади. Мунгбой билан Сожиранинг қариндошлари болаларнинг фикрини тинглашни билишмагани учун ҳам бу нарса эриш туюлади. 

– Ээ, болани боладек ўстирмайсанми... Катталарни менсимагани нимаси? Иккисини ҳам бебош қилиб тарбиялабсан! – дея фарзандларига насиҳат қилишмоқчи бўлганида Мунгбой ҳам жим турмайди:

– Буларники бебошлик эмас, - дейди айёрона кулиб ва ўғил-қизини қўллаб, – Ўзимиз болалардан ақл ўрганайлик. Булар бизга нисбатан ҳақиқатгўй, ҳаётнинг ҳақиқатларига туз қарашади. Болаларнинг ҳақиқатларини тинглашга сабримиз етармикин...

– Хўп, фарзандларинг бошқаларни менсимасин! Лекин сени ҳам менсимасдан, сендан ҳам тортинмаган болаларингда қанақа имон бўлсин? Шуми сенинг тарбиянг?! – дея аччиғи келди бир куни Мунгбойнинг туғишган акаси Касейин.

– Ака, - деди сабр билан Мунгбой, – элимиз нега иккиюзламачи, нега хушомадгўй, нега сувюрак деб ўйлайсиз?

Акаси индамади.

– Сиз бунга жавоб топа олмасангиз, мен айтай, - деди. – Болаларни муштдеклигидан койиймиз, жазолаймиз. Жазодан қўрқиб қолган бола ёлғон гапиришни одат қилади. Бошқа иложи йўқ. Биз ота-оналар шунақа қилиб болаларни безиллатамиз.

Акаси фикридан қайтмади. Нолиб апил-тапил гапирди:

–Унда болаларингни сен эмас, улар сени тарбиялаб юраверинглар! – акаси хафа бўлгандек туриб кетди. 

Тарбиянинг асл моҳияти яхшими? – Мунгбой шунга кўп бош оғритди. Бу сўзга у бошқа тарафдан назар солади. Совет ҳукуматининг “янги одамларни тарбиялаш” жараёни неча авлодни зомби қилмади! Совет турмаларида, аҳлоқ тузатиш колонияларида, лагерларда тарбияланган миллионлаб шахсларнинг нечтаси инсонийликдан ажради! Тоталитар совет ҳукуматининг кўргуликни кўрсатган қахрли тарбияси одамларнинг ҳаммасини ҳам одам қилдими? Қанчаси одам-мутант, одам-робот, одам-қўғирчоққа айланди! 

Коммунизмнинг темирдек таълим-тарбияси, таъқиқлар ҳаммани ҳам одам қила олдими, темир қилдими? Темирга жон киргизгандек янги жамият, янги одамларни тарбиялаб чиқармадимикин? Совет ўлкасининг намунали одамларининг ҳаммаси чизган чизиқдан чиқмайдиган шахсларга айланмадими? Коммунизм тушунчаси неча-неча одамларни манқурт қилмадими?! Аммо уларнинг ҳаммаси совет ўлкасининг намунали одами дея улуғланмаганмиди? Коммунизм тушунчаси одамларни мўмин, ёлтоқ, хушомадгўй қилиб қўймадими?

СССР давридан қолган тушунчалар жами совет ҳалқининг тарбия модели каби яшаб келяпти-ку бугунги кунда ҳам. Ҳа, яшаб келяпти. Уни Анор билан Жанар ўқиган мактаб муаллимларида кўрди Мунгбой. Бир маротаба уни ота-оналар мажлисига солишди. Ҳудди совет давридаги коммунист каттаконлардан баттар қовоғини солган мактаб директори билан синф раҳбари ота-оналарнинг рўпарасига Мунгбойни ўтиргизишди.

– Нега сизнинг ўғлингиз ҳам, қизингиз ҳам ўқитувчиларни тўғатишмайди? Сўзларига қулоқ солишмайди, - деди синф раҳбари. – Ўғил-қизингизга ўқитувчи гапиряптими ёки йўқми, одам ўрнида кўришмайди.

– Сабабини биламан, - деди Мунгбой ҳеч нарса бўлмаганидек. – Давом этинг... Кейин жавоб бераман.

Ўқитувчи Мунгбойнинг менсимаслигига жириллаб, сўзини давом эттира олмади. Юзи бўзарди. Бир оздан кейин ҳушини йиғиб: 

– Нимани биласиз? – деди.

– Уни ўзингиз ҳам биласиз, – ўқитувчининг саволига мужмал жавоб берди Мунгбой. – У гап бугунги умумий йиғилишга алоқадор эмас...

– А сиз... – эслади ўқитувчи. – Антарктида масаласида ўғлингиз билан муаллимнинг тортишувими? Шуни айтяпсиз шекилли... Бу борада география ўқитувчисига хайфсан берилган.

Зал жимжирт бўлиб қолди. Мунгбойга мактаб директори мурожаат этиб:

– Ўғил-қизингизнинг дарсдаги баҳолари ёмон эмас экан. Журнални қарадим. Гап уларнинг ҳулқи ҳақида кетаяпти, шунинг учун сизни ота-оналар йиғилишига чақириб, гаплашмоқчи бўлдик.

– Айтаверинг, қулоғим сизда, – Мунгбой директорнинг гапларига эътибор қаратди.

– Жанарингиз билан Анорингизни қарасам, ўқитувчиларни одам ўрнида кўрмас экан. Ҳамма арз қилди. Ҳатто бир сафар йўлакда ўқитувчиларнинг олдидан ўтиб кетишди, рўпарадан мен чиқсам, салом беришмади.

– Демак, ўқувчиларнинг орасида ўқитувчиларнинг қадри паст дегани бу. Балки устознинг қадрини қандай қилиб юксалтириш лозимлиги муҳимдир...

Бундай жавобни кутмаган директорнинг кўзлари чаноғидан чиқиб кетгудек бўлди. Ўтирганлар эса ҳайрон қолган тарзда Мунгбойга қарашди.

– Ўқувчилар сизларни чин дилидан ҳурмат қилиши керакми ёки қўрққани учунми? Менимча, фарзандларимнинг юрагидаги ҳурмат-эътиборни устозлар ўзлари уйғота олишмагандир?.. Бунда ота-онанинг нима алоқаси бор? Хўп, мен ҳозир уйга бориб, “ўқитувчиларни ҳурмат қилинглар” дея қандай талаб қўйишим керак? Ўша таъсирни ўзларинг бера олмасаларинг, мендан қанақасига талаб қиляпсизлар? Болаларимнинг эркига мен ҳеч нарса дея олмайман, ҳурматли ўқитувчилар! – деган Мунгбойнинг сўзлари ота-оналарни таъсирлантирди.

Унинг гапи оловга мой сочгандек зални “жонлантирди”. Дарров ўқитувчиларнинг орасида болаларни урган устозлар борлигига арз қилган ота-оналар норозилигини билдира бошлашди.

– Бу киши тўғри масалани кўтарди, – деб кўпчилик Мунгбой тарафга оғди. Ўқувчиларнинг арз-додини айтганлар чиқишди.

– Ўтган сафар қизим устозим урди деб йиғлаб келди, - деган келинга бошқалар ҳам қўшилди.

– Менинг ўғлимга ҳам устознинг қўли тегибди

Ўша кунги йиғилиш ўқитувчиларнинг ўзларини ноқулай аҳволга солди.

Йиғиндан кейин йўлда кетаётиб, коммунизм тарбиясининг бугун ҳам яшаётганига иложсиздан Мунгбой кулди. Ҳудди совет давридаги каби ҳозир ҳам ўқитувчига хайфсан бериш нима деган гап? Йиғилиш пайтида бунга Мунгбой кулиб юбораёзганди. Ҳозир қайси аср? Мактабда қайси аср тарбияси? Синф раҳбарнинг гаплари бир пайтлардаги партия ходимларининг характерини ёдга солди.

Таълим соҳасида ишдаги камчилиги учун  совет пайтидагидек хайфсан берилишини кутмаганди. “Бу қанақа тарбия?” – Мунгбой шундан бери нотўғри тарбия ҳақида кўп ўйлай бошлади. Жамиятдами, оиладами, ҳалиям совет даври ҳидланган тарбия билан жазолаш йўллари амалда қўлланилиб келаётганига гувоҳ. Бунга ўғли Жанар билан география ўқитувчисининг ўртасидаги воқеа яққол мисол. 

Антарктида қитъасидаги ороллар ҳақида ўқитувчининг айтган гапларига ўқувчилар орасидан Жанар қарши чиққан.

– Устоз, сиз нотўғри айтяпсиз, – дея бола ўқитувчининг хатосини кўрсатган.

– Сен нимани биларкансан, доскага чиқ! – жаҳл отига минган устоз Жанарнинг икки қўлини кўтаргизиб, девор тарафга тескари қаратиб тургизмоқчи бўлади.

Жанар кўнмайди. Ўз билганича тортишади. Муаллим жириллайди. Ўқувчисини жазоламоқчи бўлган ҳаракати ишга ошмайди. Сумкасини кўтарганича хонадан чиқиб кетган Жанар кейинги дарсга катта энциклопедия китобини кўтариб келади.

Аввалги дарсда Арктика, Антарктика, Антарктида вақитъадаги ороллар ҳақида ўқитувчининг айтганларини Жанардан бошқаси чурқ этмай тинглаганди. Аммо Жанарнинг исботи ўқувчиларнинг симобдай милттиллаган тушунчасини бир зумда тескари томонга ағдарди. Устозидан Антарктида ороли ҳақида айтганларини қайсар ўқувчи аввалига яхшилаб сўраб олди.

Устоз ишонч билан:

– Ҳа, шундай деб айтганман! Ҳудди шундай... нима қилибди?

Жанар қўлидаги энциклопедияни очиши билан синфдошлари асалга йиғилган арилардек тўпланишди. Бошида Арктика, Антарктика ва Антарктида – учаласининг ўхшашлигини ажрата олмай туришди. Жанар эса фарқларига тўхталиб, учаласи Ер шарининг уч тарафидан ўрин олганини ҳаритадан кўрсатиб бергач, синф қий-чув тушгандек бўлди.

– Усто-оз, сиз ҳеч нарса билмас экансиз!

– Сизга энди ишонмайман!

– Балли, Жанар! – дея устозга масхаромуз қараган ўқувчилар Жанарга далда беришди.

Ўқитувчининг ранггидан нур қочди. Кириб кетишга тешик топилмади. Бўзариб, тарвузи қўлтиғидан тушгандек ташқарига чиқиб кетиб қутулди.

Буни эшитган Мунгбой ўғлини қўллади. Энди билса, ўқитувчига хайфсан берилган экан.

Жанар билан Анорнинг ўткир характерини кичикликдан ўзи топтади. Иккиси эсини таниганидан бошлаб: “Уйдами, мактабдами, қаерда бўлса ҳам хушомадгўй бўлманглар. Ота-онани, ўқитувчини, бошқаларни пир тутманглар. Сизлар пир тутган нарса – ҲАҚИҚАТ бўлсин. Ҳақиқатни ота-онанинг, устознинг юзига айтишни ўрганинглар” – дея қулоқларига қуйиб келди.

Насиҳатлари шамолга кетмаганига хурсанд бўлган Мунгбой энди ўғил-қизининг характерига чидайдиган умр йўлдош топиб кўрсин... Босса-турса, шу фикрда. Ўйидагини шартта айтишга кўнган ўғил-қизига ўгай она тугул, ўзининг туғишган қариндошлари чидамаяптику, бегонанинг сабри етармиди.

Мунгбойнинг кўнгли азадорликка енгилиб бораётганда қайта тикланди. Ўлганнинг ортидан ўлмайдику. Рўзғор ўчоғини ўчирмаслик учун боши бўш қиз-келинларга назар солиб юрди. Охири дилидаги инсонни – Асилни топди. Аёлнинг қучоғини соғиниб, лаззатни қумсар экан эркак. Кўринган жувоннинг ортидан юрармиди... Пешонасига Асил ёзилибди.

Ёстиқдоши ёмон эмас. Асил ичидагини ташқарига чиқаравермас экан. Сабрли эканини кўрсатди.

Асилнинг биринчи турмушидан бир ўғли ва қизи – Эржан, Ажар билан тезда тил топишиб, катта оилага айланишди. Иккисининг фарзандлари деярли тенг. Битта уйда тўртта ўғил-қиз яхши муносабатда бўлишди. Бир бирига ёмон муомала қилишмади, тезда сингишди.

Аммо Анарнинг танг аҳволи Мунгбой билан Асилнинг алоқаларида билинар-билинмас дарз кетира бошлади. Дарз кетган алоқани ямаш учун турли йўлларни излади Мунгбой. Анорнинг кўнглига йўл топса, Асилга топмайди. Асилнинг дилини ҳушнуд қилса, қизи қолади. Аввалига сабрли бўлиб юрган Асилнинг ҳам бора-бора сиркаси сув кўтармай қолди.

Анорнинг тунарган қовоғи, оғир характери аввалгидан ҳам кучайди. Отаси унга шу қадар эътиборли бўлса да, қизи уни қўрқитгани қўрқитган. Психологга етаклаб боришидан наф чиқмади. Келажагини шахматда кўрди, лекин шахматга ҳам кўнгли йўқ. Гаплашмайди, ўз хонасидан чиқмайди.

Республика турнирида Грецияда ўтадиган жаҳон шахмат мусобақасига йўлланмага эга бўлган Анор эртадан кечгача уйда қамалиб ўтиради. Тушкунликка тушиб, уйдагилар билан урушадиган феъл-атвор пайдо бўлди.

– Қизим, давлатнинг номидан борасан, йўқ деганда шахматга эътибор қарат. Бошқаси майли... Мактабни тарк этдинг. Энди биттаямта ҳунар эгалла...

– Ота-а... мени тинч қўйинг, – ёқтирмади қизи. – Менинг хонамга кирманглар деб неча маротаба айтаман?! Ёлғиз қолдиринглар мени! Илтимос... Умуман кирманглар!

Отаси буни эшитиб, гап топа олмади. Нима дейишни билмади. Шалпайганча ташқарига чиқди. “Нима гуноҳ қилдим экан?..” – дея ўзини койийди. “Кимдир нимадир деб қўйганми?” – уйдагиларнинг ҳар биридан сўрайди, қизининг кўнглига йўл излайди.

– Бироз қиз боладек бўлмайдими, - Асил ҳам нолиб қолади баъзида. – Хўп, уй йиғиштирмасин, идиш-товоқ ювмасин. Йўқ деганда сочини тарасин. Хонаси сочилиб ётишидан уялмайдими. Ётган тўшагини ҳам йиғмайди. Кирсанг – молхона. Қиз боланинг хонаси ҳам шунақа бўладими?...

– Майли, тек қўй... – Мунгбой ёлворади.

– Нега тек қўяман? Битта уйда яшаяпмизми? Нега қизингнинг ёнини олаверасан?...

–Уни тушин...

– Тушиниб келяпман. Яна қанча тушиниш керак ҳулқ-атворига?! Мен унга ёмонлик тилармидим...

– Ёмонлик истамаганинг учун гапиряпсан бу гапларни, биламан... Илтимос, унга индама! Кўрмагандек, билмагандек бўл.

*      *     *

Орадан бир йилча вақт ўтди. Анор Грециядаги шахмат мусобақасидан кўнгил кўтарадиган натижага эга бўлмади. Республикадаги мусобақаларда энг сара ўйинчиларнинг бири дея эътироф этилган қизининг тез орада ортга кетиши пушаймонга солди.

Ҳулқ-атвори ўзгармади, юмшамади. Аввалгидек Жанарга ҳам туғишгандек меҳрибон эмас. Ора кунда иккисининг жанжаллашиши Мунгбойни еб борарди.

Ҳамиша фикри қизида. Нима уни бу аҳволга туширди? – Жавоб топмайди.

Раҳматли онасининг кундалигини варақлаган қизи баъзан отасини гапга чорлаб:

– Онамнинг ёзганлари... Бу жойини ўқингда... – бир сир бордек онасининг кундалигини қўлига тутади. 

«Анор ўғил болаларнинг ўйинчоқларини кўп ўйнайди. Бу нимаси?...”, яна бошқа жойида “Анорнинг ҳулқ-атвори ўғил болаларникидек. Уй юмушларини ёқтирмайди. Кўпроқ ўйнашни, кўчда юришни яхши кўради”.

Бу кундалик дафтарнинг бир тарафи Анорга, бир тарафи Жанарга бағишланган. Унга фарзандларининг туғилгандаги вазни, тетапоя пайтлари, тили чиққани, характери, қизиқишлари битилган. 

Мунгбой Сожиранинг кундалигидан деярли ҳеч нарса пайқамади. Унга кундаликдаги битиклар сир эмас. Аввалдан билади.

Унинг бош оғриғи - қизининг келажакка қўл силтаб қўйгани. Ё билимга қизиқмагани, ё шахматга эътибор қилмагани, ё дугоналарига қўшилиб  кўнглини ёзмагани ташвишга солади. Ё уйдагилар билан тузукқуруқ гаплашмайди. Уйда қамалган қизининг кўнглини кўтаришга йўл излайди. Кундалик ҳаётнинг асоси - қизининг кўнглини топиш. Аммо бу қум орасидан дур излашдан ҳам машаққатли. Инсоннинг кўнглига йўл топишдан да зиёда мушкул борми... Анорнинг кўнглини кўтаришга ҳеч қайси байрам, совға, сеҳрли сўзлар, таъсирли воқеалар сабаб бўла олмади.

Қизим болалигидан китобни севарди деб, турли қизиқари китобларни олиб берди. Қизи эса китобни шунчаки варақлаб, отасига узатади. Кўзлари совуқ. Мунгбойнинг энг қўрққани - қизининг совуққон кўзлари... Қизининг хонасидан чиқади-да, хўрсинганича ташқарига жўнайди. Кимсасиз жойга бориб, эзилиб йиғлайди. Бунинг ҳаммасини Асил сезади. Куёвини қийнаган азоб нималигини билади. Билгани билан у ҳам иложсиздан Анорга ёлворади:

– Отангга раҳм қилсангчи... Сени деб юраги ҳаста бўлиб қолмасин.

Анор эса сокин денгиздек мўлтирайди. Тагидан кучли тўлқинлар денгиз устига отирилиб чиққудек бўлади, лекин лабини қимтиганича ўгай онасига ҳам индамайди. 

Бошида у олижаноб ва меҳрибон қиз эди. Жониворларни, гўдакларни яхши кўрарди. Энди эса унинг кўнглини ҳеч нарса кўтара олмайди. Уни жонлилар ҳам, жонсизлар ҳам қизиқтирмай қолди. Отасини шу нарса чўчитади. Уйда буюмларнинг тарс-турс овози эшитилса, дарров қулоқ тўшайди, юрагида қўзғолон. Қизининг умри унга тухум қобиғидан ҳам мўрт туюлади. Кимдир унга қаттиқроқ гапирса, синиб қоладиган тухумдек авайлагани учун Асил билан тортишиб ҳам қолишади.

Фарзандларининг ҳуқуқини, эркинлигини ҳимоя қилиш ўз тухумини қўриқлаган тўрғайдек қилди уни. Уйда таъқиқ нималигини билмай ўсган ўғил-қизининг эркин ривожланган ҳулқ-атворини Мунгбой билан Сожиранинг қариндош-уруғлари, мактаб ўқитувчилари кўтара олмагани каби, иккинчи умр йўлдоши ва унинг ўғил-қизлари ҳам гоҳида кўтара олмай, уйдаги жанжаллардан чарчади.

Жондек севган ўғил-қизи эркин ўсгани – атроф-муҳит, жамият учун ёт эканда. Эскидан қолган урф-одатларнинг чизиғидан чиқа олмаган жамиятда қисиниб яшашга энди ўғил-қизини қанақасига ўргата олсин...

Советнинг сарқинди тарбиясининг таъсиридан ҳалигача бўшана олмаган жамиятни ёқтирмаган Мунгбой болаларини боғчага ҳам бермаган. Раҳматли Сожира фарзандларини боғчага бериш учун безиллади, аммо Мунгбой унга қарши бўлди. Бола боғчанинг тарбияси ўғил-қизини советнинг коллективизм усулидаги қолипга солиб қўйишини у биларди. Одамга бўйсунишга ундаган доктриналар, усуллар бола боғчадан бошланишини у ўзи яшаган жамиятда кўриб, сезиб келди. Ҳаётда ҳам неча бор дуч келди. Илдизига аллақачон дарз кетган тузумни кўриб, била туриб, кейин қанақасига қонидан яралган фарзандларини шу тарбияга ўргатган боғчаларга раво кўрсин...

У ўғил-қизини мустақил ўсишини истайди. Оиласида ҳам тинимсиз курашни давом эттириб келмоқда. Унинг учун ўғил-қизининг юрагида эркинлик кўчатини авайлаб ўстириш – бебаҳо неъмат. Анорнинг ҳам, Жанарнинг ҳам шахс бўлиб шаклланиши Мунгбой учун моддий бойликдан қиммат. Ўғил-қизи учун мулк, уй-жойни мерос қолдиргиси йўқ.

Унинг кўзлагани: ўғил-қизига сувга чўкмас, оловга куймас, биров ўғирлаши мумкин бўлмаган қиммат мерос – иккисининг шахс, космополит инсон бўлиб вояга етиши. Ер сайёраси одамзотнинг уйи, ватани, бойлиги ва энчисику. Инсоннинг бошқа олижаноб фазилатлари шахсида эмасми. Ўғил-қизини шунга ўргатди.  

Ўзи коммунизм даврининг эксплуатацияланган жамиятида улғайди. Эркинликнинг қийматини тотмади. Эрта ёшидаёқ тоталитар ғояларга заҳарланган жамиятнинг аъзоси бўлгиси келмади. Коммунизм тушунчалари унга ёт эди. Унинг мактаб давридаги эркинликни севган истаги бошқаларга бебошликдек кўринарди. Ҳатто 8-синфда ўқиган пайтида чекдан чиққан бебошлиги учун болалар колониясига тарбиялашга жўнатилаёзганди. Отасининг бормаган жойи қолмаган... Ўғлининг устозларига ялиниб-ёлвормаганида Мунгбой ҳам болалар колониясида тарбияланиб қолиши мумкин эди.

Кейин эса Совет империяси қумдек эшилиб қулади. Мунгбой талаба эди. Аммо ўқиш китобларининг барчаси эски замонники. Янги давр келгани билан профессор аталмиш оқ сочли ўқитувчиларнинг лекцияларига Мунгбой қулоқ солгиси келмасди. У пайтлар эски замонда таъқиқланган адабиётларни куну-тун ўқиб юрган эди. Эркин адабиёт қанақа бўлиши умрида ўшанда билди.

Тоталитар даврнинг салбий жиҳатларини ажрата билишга ақли ета бошлади. Аввал ўқиган китобларининг барчаси пропаганда экан. Ҳатто мактаб партасида ўқитилган тарихнинг барчаси ёлғон бўлиб чиқди. Расмий тарих ҳам пропаганда қуроли эканини англади. У ўша даврдан бошлаб дунёга бошқа дарчадан қараб, бошқа тарафдан кўргиси келди.

Ҳақиқий инсон эркинликнинг таъмини тотгани сайин ўтмишдаги авлоднинг аянчли тақдирлари, қатағон қурбонлари ҳақида тарихнинг янги варақларига қизиқиши ортаверди. Охири олий билим юрт эшигини тарс ёпганича кетиб қолди. Коммунистик система сарқиндисини миясида сақлаб юрган профессорларни елкамнинг чуқури кўрсин деди. Ҳеч бир олий ўқув юрти унга янги қадриятларни ўргатолмаслиги тушинди.

Оқ сочли профессорларнинг лекцияларидан кўра букинистларга бориб, бебахо адабиётларни ўқиган “жиннига” айланди. Унга галстук тақиб юрган оппоқ сочли профессорлар ҳам Айтматовнинг қаҳрамони - Собиджондек манқурт кўринди.

Мунгбойнинг энг қўрққани – ажрашиш. Шу ёшга келганида Асил билан ажрашиб, ортидан бошқага уйланиб обрў топармиди. Қизининг қовоқ-қоши шу билан очилиб кетса қанийди...

Танловда адашдимми дейин десе, унақа эмас. Асилдек олижаноб, сабрли аёл доим ҳам учрайвермайди. У инсон кўнглига йўл топишни ягона таянч деб билди.

– Бу уйда фақат сенинг қизинг борми? Ўз фарзандларингга эътибор қаратасан-у, менинг болаларимга нега бефарқсан?! – дея рафиқаси бир куни хафа бўлди.

Асилнинг гапларида ҳам жон бор. Ошиқча болажонлиги, Сожирадан кейин фарзданларига жуда ҳам эътиборли бўлиб қолгани рост. Баъзида ўзи ҳам пайқамай қоларкан...

Фарзандларига ўгай ёки ўзимники деб бўлмасдан муомала қилишни қанчалик ўйламасин, Асил иккисининг жанжалига болалар сабаб бўлиб қолади. Айниқса, Анорга бошқача эътиборли экани эр-хотин ўртасига кўпроқ совуқчилик туширади. Хафагарчиликлар кўпайди...

Одамнинг кўнглини топиш – денгиз тубидан дур излагандек оғир экан. Мунгбойнинг бошига мушкул тушди. Бўлар-бўлмасга тортишиб, бири биридан айб излайдиган оила бўлиб қолишдан чўчиган Мунгбой бир куни Асилнинг қалбини эритадиган гап айтди:

– Сенинг фарзандларингнинг бағри бутун. Яқин инсонидан айрилишнинг оғир азобини билишмайди. Ажрашиб кетишни ҳисобга олмаганда, болаларинг отасини ёки онасини йўқлайдиган жойда эмас... Менинг фарзандларимнинг шароити эса бошқа. Улар онасидан айрилган азадор болалар. Онасининг дийдоридан ҳали бери совимаган болаларимга қаноат қилишдан бошқа иложимиз бормиди... – шу гапдан кейин Асил ҳийла юмшади. Анча ўзгарди...     

Байрам кунларининг бири эди. Асил дастурхон безаб, уйдагилар бир бирларини табриклаб, яхши гапларни бағишлаб ўтиришганди. Сўз навбати Анорга келди. У:

– Асил опа, – деди яхши кайфиятда, – бизга онамнинг ўрнини билдирмай келаётганингиз учун раҳмат... Мен сизга бугун ўзгача раҳмат айтгим келди. Жанар иккимизнинг, отамнинг кўнглини топишга ҳаракат қилишингизни ҳамиша сезаман... Агар мен сизни ранжитган бўлсам, кечирим сўрайман...

Мунгбой қизидан бундай розилик изҳорини кутмаганди. Унинг кўкси қувончга тўлиб кетди. Қизининг сўзларидан кўзига ёш келди. Демак, ўгай онасининг яхши тарафини тарозига солиб юрган эканда қизи! Бундан қувонган Мунгбой қизига ҳам, рафиқасига ҳам ич-ичидан рози бўлиб ўтирди.

Бу сўзларни тинглаган Асилнинг ҳам юзлари нурга беланиб, кўзидан ёш чиқиб кетгудек бўлди, оналик туйғуни ҳис этиб, Анорнинг юзидан ўпди...

*      *     *

Табият билан одамнинг кўнгли эгиздек гўё. Тоғу-тошларни, водийларни туман босгани каби одамнинг қалбини ҳам туман қоплаши мумкин. Аммо одамнинг қалбидаги туман  табиятдаги туман каби тез тарқалиб кетмайди.

Анорнинг кўнглини эгаллаган туман кундан кунга, ойдан ойга эмас, йиллар мобайнида тарқамади. Уч йилдан ортиқроқ вақ давомида у қайғуда яшади...

Табиятни уч кун туман босиб турсинчи, жонзотлари саросимага солиб, ҳамма очиқлик излашга тушади. Излаган йўлининг боши-охири йўқ. Осмондан Қуёш ёки Ой кўринмаса, ерни пайпаслаб юраверасан. Адашган йўлингда сенга бирор кўрсатма йўқ.

Анор ўз кўнглини топа олмай юрди. У ўзи топа олмаган кўнгилни отаси қайдан топсин? У ўз дунёсида қалин туманга ўралиб қолгандек сезилди. Милт этган ёруғлик кўринмаган дунёсида ҳасратга ботган Анор йўл излади.

Онаси тириклигида ўша тумандан чиқадиган йўлнинг топилишига ишонарди. Ҳеч кимга айтмаган сирини ошкор қилса, онаси уни йўлга солиб қўядигандек туюларди. Аммо у кунга етмади. Кутилмаганда бир куни Жанар иккисини отаси ташқарига олиб чиқди.

Ярим кеча эди. Анчагача сўзини нимадан бошлашни билмай турган отасининг овози бўғилгандек эшитилди:

– Эх, қуриб кетгир ҳаёт... –  оғир хўрсинган отаси Жанар иккисини қучоқлаб йиғлаб юборди. – Икковингга ҳам айтмай юргандим... Лекин бугун айтмасдан иложим йўқ. Онангизнинг касали... – овози бўғилди. Анорнинг ҳам, Жанарнинг ҳам юраклари ёмонликни ҳис қилди. Улар кўпдан бери касал онасинин авайлаб юришарди.  Иккиси ҳам дунё ағдар-тўнтар бўлиб кетгандик безовталанишди. – Онангизнинг саратон касали ўтишиб кетяпти...

...Ўша даҳшатли кечада онасининг касали ҳақида эшитган Анор, туманли фикрлари ҳақидаги сирини айтишга журъат эта олмади. Онаси дард билан олишиб ётса, қанақа қилиб айтсин... Саноқли умри қолган онасини у дунёда тинч ётишини истади.

Ўшандан кейин лабини тишлаб, овоз чиқармай йиғлайдиган одат топиб олди. Ўшандан кейин унинг қалбини туман босди. Қуюқ туман ўраб олди. У туман гоҳида тарқаб, тездайла яна босиб қолади.

Нега атрофида ўзига ўхшаган одамлар йўқ? Нега? Бу савол уни туманлар гирдобига қамаб ташлаган. Нима учун у ўзидан нафратланади? Нега? Нима учун бу ёруғ оламни баъзан ёмон кўради, баъзан севади?

У фақат ўзининг тушидаги дунёсини севади. Тушида кўрган бадани, ўзининг овози жудаям ёқимли. Бу ёруғ оламни у маза қилиб кўрган ширин тушлари учунгина севади.

Жажжилигиданоқ у сеҳрли дунёга ишонарди. Уйқудан уйғонсам баданим тушимда кўргандек ўзгариб қолсайди деб илтижо қиларди. Нега тушида фақат ўғил болалар билан ўйнайди? Вақти келиб ҳудди тушидагидек бўлиб қолишни ҳаёл қиларди. Эрта тонгдаги уйқули кўзларини яна юмиб олиб ётаверарди.

Гоҳида тунда кўрган туши давом этмаса да, аммо тушидаги ўғил болалар билан қувноқ кулишиб, ўйнаб, ўзи ёқтирган овозини эшитарди. Баданини ушлаб кўриб, ўзи истаган танани ато этгани учун Худога шукр келтирарди. Тушидаги бадани учун дунёси тўкис эди. Уйғонганда эса ҳаммаси боягидек...  Яна аввалгидек хомуш тортиб, аввалгидек ҳеч кимга айта олмаган туйғулар туман каби ўраб оларди.

Ҳали мактабга бормаган пайти эди. Онасини маҳкам қучоқлаб, сеҳрли дунё ҳақида сўраганди:

– Ойи, Худо бу дунёдаги ниятларингни бажо келтирадими?

– Ҳа, қизим... Албатта бажо келтиради. Нимани тиласанг, Худо ўшани беради.

Анор ўн уч ёшгача шу ишонч билан яшади. Лекин катта бўлгани сайин Худодан сўраганлари амалга ошмади. Кўнглидаги алдамчи туманлар орасида қолди. Онаси ўлгандан кейинги уч йил ичида кўнглини босган тумандан чиқиб кетишнинг йўлини топмади. Бир неча бор жонига қасд қилмоқчи бўлди. Лекин отаси билан Жанарга раҳми келади. Иккиси чирқиратиб, бўзлаб қолишини ўйлаганда тишланган ҳолда ўтириб қолади.

Кичиклигидаги сеҳрли дунё йўқлигига кўзи етди. Тилагининг амалга ошишидан умиди сўна бошлади...

Ҳайз келган куни унинг ўз баданига нисбатан нафратланиш ҳиссини кучайди. Ўз вужудидан жирканди. Ҳайз қони келиши ҳақида эшитганди. Ана шу номинг қурғур келган сайин кайфияти тушиб, танасидаги аъзоларни бирма бир парчалаб юборгиси келади, аммо қўли бормайди. Ўз баданини ўзи пичоқлаб сола олса қанийди.  Ҳатто жамоат жойларида яшириниб юради. Автобус-троллейбусга ўтирганда ҳам ўз овозини эшитгиси йўқ. Индамай кетаверади. Битта-яримтаси гаприса, жавоб бергиси келмайди.

Шаҳарда қайси бир манзилни излаш – азоб. Ўтган-кетган шахслардан манзилни сўрашга тортинади. Оғзини очиши билан қизларникидек ингичка овозини эшитиб, кайфияти бузилади, ўзига ўзи жини келади. Баъзан бегона кишиларга дудуқлардек имо-ишора билан гапиради.

Ўзини ўзгартиришга қудрати етмади. Ҳаммаси худонинг қудратида экан. Ўзининг қудрати сочини кал қилиб қириб ташлашга етди холос. Бошқа аъзоларини ҳам сочини кесгандек қирқиб ташлай олгандами...

Анорни тобора пушаймонга солаётган янги мушкули – икки кўкраги. У баданидаги аъзоси эмас, ҳудди аждаҳонинг икки боши каби чиқиб келаётгандек гўё. Икки бошидан ушлаб, мижиғлаб юлиб ташлагиси келади. Оғрийди. Эзиб, йўқ қилиб юборсам дейди.

Кўксидаги икки бошли аждаҳони ўстирмай қўйишнинг иложини излаб чарчади. Кўкрагини рўмол билан маҳкам қисиб боғлаб ташлашдан бошқа иложини топмади.  Лекин сийнаси бош бермасдан ўсаверди. Сийнаси катталашган сайин унинг кўнгли кирлашарди.

Анор ўз баданининг душманига айланди. Йўқ. Ўз бадани унинг муросасиз душманига айланди. Ўз бадани ўзига қарши бош кўтарди. Рўмолга маҳкам боғланган икки кўкраги ўс бошлагандан бери унинг дунёсини қора туман босди. Тумандан чиқиш йўли борми унга?..

Ювиниш учун душга киради, сувни шариллатиб оқизади ва бошқаларга эшиттирмай алам билан йиғлайди. Ўз баданига ўчашиб, ич кийимларини ечмасдан ювинади. Ўз баданини кўргиси келмагани учун кўзларини чирт юмиб олади.

Ўзининг танаси унга Худонинг жазосидек гўё...

*     *     *

Уй зиндонига айланиб қолган қизи бир куни йўқолиб қолди. Мунгбой ҳижолат бўлиб, жонини қўярга жой топмади. Қизига тинмай қўнғироқ қилади. Жавоб бермайди. Ташвишга тушди. 

– Анор қаёқа кетди? Ким билади?..

– ...

Уйдагилардан ҳеч кимга қаёқа боришини айтмабди.

Чурқ этмасдан чиқиб кетган қизини шаҳарнинг қайси бурчидан излашни билмади. Мактабдаги дугоналарига қўнғироқ қилиб кўрди, шахматдаги дўстларига боғланди, ҳеч ким билмайди.

Мунгбой жони ҳалак бўлиб, кечгача сихда ўтиргандек типирчилади. Қоронғу тушди. Қизи келмади. Шаҳардаги милиция бўлимига хабар бермоқчи бўлди. Бошқа иложи йўқ эди. Шу пайтда қизи нур сочгандек уйга кириб келди.

Кайфияти яхши эди. У эшикдан кирганида ҳудди болаликдаги Анорнинг кайфияти кўринди.

–Айланай! Келдингми? Жоним қолмадику. Юрагим тўхтаб қолай деди... - қизини маҳкам қучоқлади, гўёки у ҳозир яна кетиб қоладигандек.

Қизи ҳам отасини анчагача қучоқлаб, яхши кайфиятда гапирди:

– Кечгача тренингда бўлдим, ота! Коуч презентацияси бўлди. Яхшиям борибман!.. Психолог-мотиваторни тингладим. Телефонга жавоб беришнинг иложи бўлмади. Кечиринг... Жудаям қизиқарли коуч экан. Ишонасизми?.. Яна бир ҳафта бормоқчиман. Ҳаммасини интернетдан топдим... - қизининг чексиз қувончини кўриб суюнди.

Елкасидаги оғир юкни биров олиб қўйгандек енгил тортди. Бу оғир юкни коуч мутаҳассиси қанақа сеҳрли куч билан бир кунда олиб қўйганига ҳайрон бўлди.

Кейин билса, Европадан келган коуч-технологиясидан ёрдам берадиган мутаҳассисларни интернетдан ўзи излаб топибди.

Шу кундан бошлаб Анор кескин ўзгарди. Уйда қамалиб ўтирмасдан бир ҳафта мобайнида тренингга борди. Негадир кўнгли кўтарилиб, оқшомда шаҳар айланишга чиқадиган бўлди. Янги дўстлар орттирди.

Ўз ҳоҳиши билан иш излаб юрган Анорга Асилнинг катта ёрдами тегиб, танишлари орқали ишга жойлаб қўйди.

Қизининг ойлиги яхшигина ишга вақтинча кирганига Мунгбойнинг кўнгли ҳотиржам. Олти ойда дурустгина пул тўплаган қизи чет элга кетиш истагини бир неча бор айтди. Отаси кўнмади. Чўчиди. Бошқа юртда ёш қизи турли синовларга дуч келишидан қўрқди. Лекин қайсар қизи ҳам ўз билганидан қолиш ниятида эмас.

Бу сафар ҳам Асилнинг ёрдами тегди. Унинг ўғли Эржан билан Анор “Тоза меҳнат” агентлиги орқали шартнома билан Туркияга олти ойга ишга борадиган бўлишди.

Иккиси бир бирига эш бўлиб, жўнаб кетишди. Қизининг мавсумий ишга ўрнашганини эшитган Мунгбой ҳотиржам бўлди. Болалигида шахмат бўйича Осиё ва Жаҳон мусобақаларига тинмай қатнашиб юрган қизининг чет элга кетишидан чўчимаса ҳам  бўларкан...

*     *     *

Орадан тўрт ой ўтди.

– Ота, яхши юрибсизми? Уйдагилар тинчми? Сизни соғиндим, – қизи бир куни мессенжердан ёзиб қолди.

– Ҳаммаси жойида. Ўзинг яхши юрибсанми? Эржан аканг яхшими? Туркияга кўниб қолдингларми?

– Ҳа, ҳамма яхши. Вақтимиз жуда кам. Иш кўп. Эржан акам reception бўлиб ишга жойлашди. Иккимизнинг ҳам ишларимиз яхши. Онда-сонда учрашиб турамиз.

– Яхши юрсангиз бўлгани. 

– Ота, сизга битта саволим бор... 

– Қанақа савол? 

– Сизга битта тезис манбаасини жунатаман. “Йўқ” ёки “мақул” деган жавобингиз керак холос.

– Келишдик.

Қизи жунатган тезисни очди. Унинг қисқача мазмуни қуйидагича эди:

Ёш оиланинг тақдири. Рафаэлнинг ойдек рафиқасининг умри қўрқинчда эди. Консилиумга йиғилган кучли шифокорлар ҳам ечим топа олмай овора. Операция қилишга докторларнинг бирортасининг юраги бетламай, бетобга тиғ теккизиш мумкин эмаслигига кўзлари етиб турибди. Операция столидан унинг уйғонмай қолишини билган тажрибали жарроҳлар ҳам бетобни ўз ҳолига қйишдан бошқа йўл йўқ деган қарорга келишди.

Буни эшитган ёш жарроҳ йўлакчада боши эгик турган Рафаэлнинг ёнига борди.

– Агар менга ишонч билдирсангиз, мен билимимга таянган ҳолда рафиқангизнинг умрини сақлаб қолишга ҳарақат қилмоқчиман.

 

Умр йўлдошининг ҳаётини таваккалга қўйишдан бошқа чораси йўқ Рафаэль дарҳол ёш жарроҳнинг таклифига рози бўлди.

Операция тўрт ярим соатга чўзилди. Рафаэль рафиқасининг умридан умидини уза бошлаганди. Консилиумга йиғилган докторлар сақлаб қола олмаган умрни кечагина қўлига скальпель ушлаган ёш жарроҳнинг сақлаб қолишига ишонмай турганида ҳаммаси бошқача бўлди. Тажрибали шифокорлар кутганидек бўлмади! Операция омадли якунланди.

Олимлар зудлик билан яна консилиум йиғилишига тўпланишди. Гиппократ қасамини ичган докторларнинг барчаси ёш жарроҳнинг олдида бош эгишди. Улар энди бетобнинг умрига хавф туғдирадиган сабабларни кўришмади.

Шу пайтгача ёш жарроҳнинг ишига оқ халатлилар ишонч билдириш нари турсин, унинг юриш-туришини ғийбат қилишарди. Ёш жарроҳнинг гей эканлигига масхаромуз қарашарди. Ёш жарроҳ чиндан ҳам гей эди.

Ёш оила эса биргаликда узоқ умр кечиришибди.

Буни ўқиган Мунгбой қизига жавоб ёзди: 

– Албатта, қизим. Бундай мўъжизани ким ҳам истамасин! Асосийси, гейми, шайтонми... у одамнинг қўлидан келмайдиган савобли ишни қилди – тамом! Шу асосийси!

– Жавобингиз учун рахмат, ота! Сиз билан фахрланаман!

– Фахрланадиган ҳеч нарса йўқ бу ерда...  – қизининг жавобига ҳайрон қолди.

Олти ойдан кейин Эржан билан Анор Туркиядан қайтиб келишди.

Қизининг феъл-атвори аввалгидан ҳам ошиб тушди. Уйда ўтирмайдиган бўлиб қолди. Характери оғир, қўпол. Сал нарсага жаҳли чиқади. Унинг Туркияда ишлаб топиб келган пулининг бир тийини билан ҳам отасининг иши бўлмади. Ўз пешона тери тўплаган пулни қай тарзда ишлатиш ўз иши. Умуман олганда,  ўғил-қизининг пулга муносабатини аввал бошданла қолиплаб келган.

Ўғил-қизини эрта ёшданоқ тирикчиликка кўнишини истади. Анорнинг топган пулини қанақа фойдали ишга сарфлашига шунчаки назар солиб турмоқчи бўлди.

Мунгбойни ҳижолат қилган нарса бошқа: Анор кўпинча уйга ярим тунда келадиган одат чиқарди. Бирор жойда ишламайди ҳам. Бир куни ярим кечада келган қизининг олдидан чиқиб, юзидан ўпмоқчи бўлганди, оғзидан ичимлик ҳиди келди. Остонадан ҳатлаган қизи оёғида зўрға тургандек. Буни кутмаган отаси нима дейишни билмай қолди. Аҳволини сўрадию, ҳеч нерса пайқамагандек кўрсатди ўзини.

Иккинчи қаватга чиқиб бораётган қизининг ортидан қараб, лабини тишлаганча термулиб турди. Бор вужуди аламга тўлди. Қонидан яралган қизининг ўзгариб бориши уни яна ҳижолат қилди...

Қизининг тақдири уни гўштга сайилган суюкнинг заҳридек қийнади.

Эртасига ҳам қизи кеч келди.

– Нега бугун ҳам кеч қолдинг, қизим?.. Ҳар куни... – сабрли бўлишга уринди отаси.

– Дўстларим билан юрдим, – катта иш қилиб келгандек отасини тенгига олмай гапирди.

– Тўхта, – қизига яқин келди. Оғзидан спиртли ичимликнинг аччиқ ҳиди келиб турибди. – Бу нима аҳвол?

– Ота, озгина ичдим... дўстларим билан, - тили чайналган қизи ясама жилмайди.

Отасига эса бу жилмайиш совуқ кўринди. Қизининг табассум ярашган юзига нисбатан юраги музлади. Жилмайишнинг ортида онтихўрлик яшириниб ётганди.

– Сеники озгина эмас! – қаҳр билан гапирди Мунгбой. Чегарадан ошиб кетяпсан, қизим! Индамаган сайин бошимга чиқяпсан! – жаҳл билан қизинининг билагидан тортди. – Сен билан бошқача гаплашмасам бўлмай қолди!

Қизи чўчигандек туюлди:

– Ота, кечиринг.... Шунақа бўлиб қолди...

– Ёш туриб ичимликка муккангданг кетсанг, мени ҳам, ўзингни ҳам қуритасанку!

Отаси бу сафар қизини қўрқитар даражада ҳайқирди. Уйдагиларнинг барчаси қотиб қолишди. Ярадор арслондек наъра тортиб, қизини анча койиди ва охирида қаттиқ огоҳлантирди:

– Яна шу аҳволда уйга келиб кўрчи... Икки оёғингни чопиб ташлайман! Илигингни синдираман ичиб келсанг! Бўлди! Тўйдим сени ўзбилармонлигинга!

Аммо Анор шу алфозда давом этаверди. Бўйи етиб қолган қизининг юриш-туришига аралашаверишни Мунгбой ҳам ўзига эп кўрмасди. Аммо қизининг спиртли ичимликни эрта кундан тотиб кўриши уни ташвишга соларди. Ўз ҳолига қўйса ичимликка муккасидан тушиб кетсачи? Бу бало қанча инсоннинг умрини сўлитмаган. Буни ўйлаган Мунгбой иложсизликдан ҳолсизлана бошлади. Ўзини койиб юрди.

Кечагина она сути оғзидан кетмаган қизи бугун спиртли ичимлик ича бошлаши нимаси? Ўн гулининг бири ҳам очилиб улгурмаган пайтида азобга солиши нимаси? Мактабни ташлади, шахматни ташлади – бу йўл қаерга олиб боради?! Ҳозирдан ичилимликка берилса, эртага дўстлари гиёҳванд моддаларни тотиб кўришга ундасачи? Унда нима бўлади? Шу ҳаёллар Мунгбойни анча пушаймонга солди. Қизи ана шу йўлдан кетаётгандек...

 –Ўша дўстларинг билан таништирчи мени... – кўп бора илтимос қилди.

– Қўйсангизчи, ота шуни! – қизи ёқтирмагандек жавоб беради. – Ўн етти ёшдан кейин ҳаётингиз ўз қўлингизда деп ўзингиз айтардингизку...

– Ҳаётингиа аралашмайман деганим – ўзингни ўзинг бил, этигингни тўрга ил деганим эмас! Ёш туриб ҳавфли йўлга тушиб олдинг!

Шу масалага келганда қизи иккисининг ўртасида кўп низо чиқди.

Бу нимаси – отасидан қасд оляптими? Билиб-билмай кетирган гуноҳи учун қизи отасини жазолаяптими? Қаерда хато кетирди экан? Унда нега қизи отасидан қасд олиш йўлини танлади? Қанақа қасд бу?

Мунгбой нимада хато қилди? Ўғил-қизига берган тарбиянинг мевасими бу?! Боши қотди. Раҳматли рафиқаси “фарзандларингни бошингга чиқариб, эрка қилиб юбординг” деб огоҳлантириб туриши бекорга эмас эканда?!

Эркинликнинг чегарасидан ошиб кетган тарбия бердиммикин, дея қўрқа бошлади. Мактабдаги устозларининг, қариндошларининг, атрофдагиларнинг гапида жон бордир балки... Мунгбойни шу саволлар бошини қотирди. Қизи унинг жонини оғритган дардга айланди.

*     *     *

Қизи бир куни уйга ғирт маст бўлиб келди. Тонг отиб қолганди. Тебранган ҳолда эплаб остонани ҳатлади.

Буни кўрган Мунгбой жонсиздек қотти. Қизи эса таги бўш момиқ болишдек шилқиллаб-шилқиллаб, ўзини эплаб ушлаб тургандек. Қизининг кўзига тикилиб туришини ҳисобга олмаганда, Мунгбой тирик мурдадек эди. Ўлган одамнинг жағи очилгани каби, унинг жағи ёпилганича қотиб қолди.

Кечагина тили тешилгунча огоҳлантирмаганмиди қизини! “Шу аҳволда уйга келадиган бўлсанг илигингни чопаман!” дегандику.

Йўқ! Ундай қилишга қўли бормайди. Бундан буёғига қизига кучи етмайдигандек! Қизини аллақачон қўлдан чиқариб юборган шекилли. Сўзи ўтмай қолибдику! Ота-она қурмагур бола учун қанчалар чексиз меҳр улашгани билан ақл ўргата олмас эканда!

– Қизим мени нега бунчалик жазолайсан? Нима айбим бор сенинг олдингда? Мен сени шу аҳволга еткизгудек қайси қадамни нотўғри босдим экан? Айтсангчи, ўргилай! Айтақол! Нега индамайсан?! Қаерда хато қилдим... сени шу ҳолга солгудек?.. Жанар иккингизни ҳаддан зиёд яхши кўришдан бошқа нима айб қилдим?! - ўзини боса олмай йиғлади Мунгбой.

– Ота, сизларни қийнамасдан мен алоҳида квартирада яшай қолай.

– Нима деяпти бу?! – юраги шувиллаб кетти отасининг. – Сенга шу икки қават уйимиз торлик қиляптими? Бирортаси сени уйга сиғдирмаяптими?.. Нега бошқа квартирада яшамоқчисан?

– Ўзимнинг ишлаб топган пулим квартира ижарасини тўлашга етади. Бундан буёғига ўзимни боқиб кета оламан.

– Гап сенинг ўзингни боқиб кетишингда эмас. Биздан алоҳида яшашга нима сабаб бор, шуни айт! Ёшлик қилмагин, қизим.

– Мен бу уйда ўзимни ноқулай ҳис қиламан... – Мунгбой лолу-ҳайрон! – Мени тушунсангизчи, - ялиниб гапирган қизи отасининг бўйнидан қучоқлади. – Сиздан хафа эмасман. Сиз энг яхши отасиз. Сиз билан фахрланаман, ишонинг! Худога минг бор шукр, сиздек отам борлиги учун... – Анор ҳам ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди.

–Сени тушиниб келяпманку, қизим. Барчамиз сени тушиниб, уйда сенга эътирозимиз йўқ-ку. Сен бу уйнинг маликасисан деганманку, қизим! Ёки бу уйда сени ёқтирмаган, сенга ёмон гапирган бирортаси борми?!

Мунгбойни ҳижолатлик қамради. Қизининг алоҳида яшамоқчи бўлиши уни пушаймонга сола бошлади. Турли хил фикрларга борди: балки ўгай онаси иккисининг ўртасида келишмовчилик бўлгандир? Бир зумда ёмон ҳаёллар чулғади.

Бошқа вазиятларга тайёр бўлса ҳам, бунақа бўлишини кутмаганди. Кулиб-яйраб юргани билан калаванинг учи Асилда бўлсачи? Бу ёмон фикр уни музга ялонғоч ётгандек сескантирди... Фарзандлари ўгай онаси билан муросасиз душманга айланиб қолишдимикин? Унда нима учун алоҳида бўлиниб яшагиси келяпти?

Умри мобайнидаги ҳаётнинг энг аччиқ зарбаси шу бўлди унга. Мунгбойнинг уйга маст келганини ўғил-қизи ҳеч қачон кўрган эмас. Қизининг бу қилиғи нимаси? Бу бало қизининг қонида қайдан пайдо бўлди?

Қизи ўзининг хонасига кириб кетар заҳоти Асил билан юзма юз гаплашишга шошилди.

– Тўғрисини айт, Анор иккингизнинг ўртангизда ҳал қила олмайдиган муаммо борми? Нега у биздан бўлиниб яшагиси келяпти?

–У бу ҳақда менга кўпдан бери айтиб юрганди: отамни кўндиринг, мен алоҳида яшамоқчиман деб. Сенга индамагандим. Сабабини айтмаган. Ўзинг яхшилаб гаплашиб кўр... Алоҳида яшамоқчи бўлгани учун ўзимни ноқулай ҳис қиляпман. Ҳудди мен бу уйга бир фалокат олиб келгандек...

Мунгбой яна Анорнинг хонасига бош боқди. Жанар ҳам Анорни юпатиш мақсадида ёнида ўтирган экан.

–Кел, қизим... Иккимиз яхшилаб гаплашайлик. Сирингни айтчи, менга. Биздан бўлиниб яшашга қанақа сабаб бор?

Қизи иложсиздек бошини эгиб ўтираверди.

–Жанар, - Анорнинг хонасида бурчга тикилиб индамай ўтирган ўғлига мурожаат этди. У ҳам ўйлар гирдобида қолгандек. –  Балки сен биларсан... Анор нима истайди?.. Бажараман... Айтақол, ўргилиб кетай!

–Мен ҳам неча бор ҳаракат қилиб сўрадим, ота. Айтмади.

Ўғли Жанарни кўриб, юраги баттар оғриди. Уни ҳозирги кўриниши ҳудди онаси оламдан ўтган куни юраги тилкапора бўлгандек аҳволда эди. Тошбағр тақдир синовига кўнишга улгурмаган, бола бўлса ҳам туғишган жигари учун ҳавотир олиб тортаётган ташвиши отасиникидан кам эмасдек. 

Онасидан эрта жудо қилган ҳаёт зарбаси осон эмасди. Бунга қўшимча опасининг ноъмалум ташвишидан хавотирда. Опаси билан аввалгидек сирдош эмаслигига қалби эзилади. Туғишган жигарининг кўнглига йўл топиш шунчалик оғир бўляпти унга.

Анорнинг тушунарсиз феъл-атвори Жанарни ҳам чарчатиб, иложсиз қолганини отаси пайқади.

–Майли, менга раҳминг келмасин. Ҳеч бўлмаса, мана бу қовурғаси ҳали қотиб улгурмаган бечора укангга раҳм қилсангчи! Сени деб эзилиб кетдику. Нима бўлятганини бир оғиз айтчи!

–Ота, ўз ҳолимга қўйинг мени! - қизининг муздек кўзлари Мунгбойдан нафратланиб, тешиб юборгудек тикилди. – Мен бу уйдан барибир кетаман! – Бу гапи юракни музлатгудек охирги сўзи бўлди гўё. Қайсар қизи айтганидан қайтмаслиги аниқ.

Учаласи гап-сўзсиз ўтиришди. Анчадан кейин Мунгбой ҳамма нарсадан чарчагандек хўрсинди ва сунъий жасорат билан:

– Сен қиз боласан... 

–Ҳеч қанақа қиз бола эмасман! – отаснинг гапини оғзидан юлиб олди ва дадил оҳангда давом этди: – Мени бундан буён қизим деманг!

Дахшат! Буни эшитган Мунгбойнинг бошига кимдир тўқмоқ билан ургандек бўлди. Фикри тарқоқ эди. Унинг ақли чалғиб кетди ва диққатини жамлай олмай қолди. 

– Бу нима деганинг?! Кимдир зўрладими? Айт!.. Мен унинг таъзирини бераман! – Мунгбой ҳеч ким тўхтата олмагандек жаҳл отига минди. – Айт, айт! Ким зўрлади?!

– Мени ҳеч ким зўрлагани йўқ, ота! Мен тирик мурдаман... тирик мурда... Тушиняпсизми?

– Ўлай агар тушинсам!.. Тушинарли қилиб айтчи... гапинги!

– Агар мени нима деганимни тушинишни истасангиз, мен билан бирга психотерапевтга борасизми? Тайёрмисиз бунга?

– Бораман, қачон десанг бораман!

– Сиздан фақат битта илтимос, мени бундан буён қизим деманг... – буни эшитганда раҳматли Сожира ҳақида ёмон фикрга борди.

Балки Анор менинг қонимдан эмас, бошқа кимсадан туғилган бўлсачи, деган гумонли ўй яралди.

– Бу нима... онангнинг васиятими? – иложсизликдан ҳолдан тойган Мунгбой қизининг рўпарасида турарди. - Қанақасига менинг қизим эмассан? Сени бошқа одамдан туққанман деп айтганмиди онанг?

– Ота, нималар деяпсиз?! – қизи отасининг саволини эшитиб ҳайрон қолди.

– Айтяпсанку... мени қизим деманг деб...

– Ота-а... – иложсиз хўрсинди қизи. – Мен сизнинг фарзандингизман, аммо қизингиз эмасман. Қиз эмасман мен. Мен шунчаки тирик мурда ҳолда туғилганман... Трансгендер дейишади мени.  

– Тушинсам ўлай агар...

Мунгбойнинг тили бўғилиб қолгандек. Қизига нима дейишни билмасди.

– Ота, лекин буни уйдагилардан ҳеч ким эшитмасин... Илтимос... – шивирлаб гапирди қизи. – Ҳозирча Жанар иккингиз билсангиз бўлди... Мен ҳақимда бошқалар кейинроқ билишсин... Шунинг учун алоҳида яшаганим дуруст. Мен ҳақимда бошқаларнинг билишини истамайман... - қизининг сўзлари ақлига сиғмади, қулоғи тинглаган сўзларни мияси қабул қила олмади. 

Мунгбой ташқарида анча юрди. Кўзларидан тинмай ёш оқиб, ўксиди. Анорнинг сўзлари қанақа топишмоқ эканини англашга қудрати етгудек эмас. Бу оламда ўзини ўзи бугунгидек ёлғиз ҳис қилмаганди. Қаерга бориб, кимдан далда сўрашни билмади. Таянадиган куч керак эди унга.

Трансгендер деган сўзни эшитгани билан бу синов ўзининг бошига тушишини ҳаёлига ҳам келтирмапти. Ўзининг чироқдек қизи трансгендер бўлиб туғилиши етти ухлаб тушига кирмаган.

Илмда аллақачон жавоби топилган бу муаммога Мунгбой жавоб топа олмади.

*      *     *

Мунгбой билан Анор йўлда ҳудди бегоналардек гаплашмай кетишди. Иккиси ҳам бир бирининг оғзидан чиқадиган сўзни пойлагандек. Бу қанақа туйғу – иккисига ҳам тушунарсиз.

Турли ҳаёллар гирдобида Мунгбой қизининг ортидан кетяпти. Қизи уни шаҳарнинг қайси манзилига олиб бораётгани ҳам номаълум. Абдурахмонов кўчасида аввал умуман келмаган ҳовлининг кираверишига “Республиканский центр психического здоровья” деган ёзув илинган иморатни кўрди.

– Ше ерга, – дея Анор йўл бошлади.

Мунгбой ўзини  ўлим жазосига кесилган одам бошидан жудо бўлишга бораётгандек тасаввур қилди. Уни кимдир ойболта билан кутиб тургандек гўё. Шартта ортга бурилиб кетиб қолгиси келди. Аммо бу уни азобдан қутқармаслигини биларди. Агар ундай қилса қонидан яралган қизининг кўз олдида ёш боланинг қилиғи бўлмайдими...

Чўчигани - қизи телба бўлиб қолган бўлса нима қилади? “О Худо, ундай кунни бошимга солма!” – юраги шувиллаб кетди буни ўйлаганда. Жиннихонадаги бетобларни тасаввур қилди. Ҳудди қизининг феъл-атвори ҳам жиннихонадагиларнинг синдромига ўхшашдек. “Соғ киши “мен тирик мурдаман” деб айтармиди?, - дея ўзига савол берди, - Соғ бўлса, мен қиз эмасман дермиди?”.

Жиннихонадагиларнинг ҳолати унга кинолардан таниш. Одам сифатидан ажраб қолган жиннилар сочлари хурпайиб, келди-кетди гапириб, бақириб, сўкиниб, йиғлаб, яқинлари учун юк бўлиб қолганини кўрган фильмларда. Энди ўзининг бошига шу иш тушса-я?!

Жинниларнинг орасида ҳам даҳолар, буюк олимлар, рассомлар, артистлар, ёзувчилар учраб туришини бадиий асарларда кўп ўқиганди. Хуллас, ақли тошқинлаганларнинг баъзилари жинни бўлиб қолгани ҳақида киноларда, адабиётларда анчагина исботлар борлигини билади.

Мунгбойни чиндан ҳам жиннича фикрлар қамраб олди. Психотерапевт билан нима ҳақида гаплашишаркин? Улар жиннини қандай қилиб аниқлашади? Анори аввал бу жойга ўзи келган эканда. “Демак, ўзининг касалини билгани учун мени эрчитиб келяптими?”. Эҳ, бир кам дунё...  Шифокордан бугуноқ “қизинг жинни бўлиб қолган” деган гап эшитадигандек қўрқа бошлади. “Қизим, юр кетақолайлик” дейишга оғиз жуфтлади-ю, ўзини босди. 

Бир пайт миясига телба бўлиб қолган шахматчилар ҳақидаги фикрлар ёғила бошлади. Ҳа, уларнинг ҳаммаси жинни бўлиб қолишганку: Бобби Фишер, Уильям Стейниц, Пол Мерфи, Хассе Рауль Капабланка, Александр Алёхин... Яна анчаси шахматнинг ортидан жинни бўлишган.

Анор хоналарнинг бирига кириб, тезда қайтиб чиқди. Қизи шифокор ўрнида эмаслигини айтганда, енгил тортди.

– Ҳозиргина йиғилишга кириб кетибди, кутайликми? – деган қизига аста жавоб берди.

– Кўп кутмасак... майли.

– Тезда келади дейишди.

Мунгбой қизининг шахматчи қилиб тарбиялагани учун бармоғини тишлаб ўтирди.

Шахмат бўйича дунёнинг илк чемпиони Уильям Стейниц ҳеч кимни тенггига олмасдан, Худо билан мусобақалашиб, Худога бас келаман деган экан. Ҳатто Худони енгдим дейишгача борган...

Пол Мерфининг триумф яратиши – дунёнинг менман деган буюк шахматчиларининг биттасини қолдирмай енгиб, кутилмаганда шахматни ташлаган. Ҳеч сабабсиз. Шахматни елкамнинг чуқури кўрсин деб, ортқа қайтган эмас. У ўзи билан ўзи гаплашиб, паркда юришни одат қилиб олган дейишади.

Шизофренияга дучор бўлган Бобби Фишер телбаликнинг энг оғир формаси билан касаллангани; Хассе Рауль Капабланка, Александр Алёхин ҳам жинни бўлиб қолгани... Буларни ўйлаб ўтириб, қизига нигоҳ ташлади. Қизининг оғзини қимирлатиб ўтириши ҳудди жиннидек кўринди кўзига. Ҳа, ўзи билан ўзи гаплашаётгандек туюлди. Ёнида ҳеч ким йўқ. Битта нуқтани қараб ўтирибди. Яхшилаб тикилса, оғзи қимирлаяпти. Аввал сезмаган экан. Энди ҳақиқий қўрқув эгаллади вужудини.

Қизини ёшлигидаёқ ақл гимнастикасига – шахматга бериб ақлдан оздириб олдимми, деб ўзини айблай бошлади...

– Юринг, шифокор келди, - қизи ҳаяжонлангандек ўрнидан турди.

Отаси эс шу дақиқалардан бошлаб қизига гумон билан қарай бошлади.

– Яхши юрибсанми? – ёши етмишга бориб қолган рус аёл Анор билан йўлакда ёнма-ён гаплашиб кетяпти.

– Бу менинг отам.

– Отанг келганидан жуда хурсандман. Ҳамманинг ҳам ота-онаси маъқул бўлиб, келишса қанийди.

Шифокорнинг гаплари Мунгбойни ҳайрон қолдирди. “Ҳамманинг ҳам ота-онаси маъқул бўлиши...” – шу ҳам қувонарли ҳолми? Ёки психотерапевт учун бетобларнинг кўп бўлгани яхшими? Мунгбойга шифокорнинг гапи ёқмади.

Эшикдан киргандаёқ шифокор Анорга негадир Алик дея мурожаат қилди. Орқамиздан кимдир кирди шекилли деб ўйлади Мунгбой. Қараса, ҳеч ким йўқ.

– Сен бу томонга, Алик. Отанг эса бу тарафга... – курсиларни кўрсатди. – Ўғлингиз отам билан келаман деб икки кун аввал қўнғироқ қилган. Бу мен учун кутилмаган яхши хабар... Ўзи билан танишганимизга ярим йилдан ошди, тўғрими? – дея Анорга юзланди.

– Ҳа, туўри.

– Ўғлингиз Алик жуда эсли, жуда ҳам яхши тарбия олибди, - шифокор яхши кайфиятда бошлади сўзини. – Ўғлингиз айтгандир?...

“Ана бўмасам! – деди ичидан. – Жиннихонага бугуноқ еткизмаса бўлди”. Мунгбой ўз қизи ҳақида билмаган нарсаларини аллақачон бу шифокор биларканда...

–Кўп нарсалар ҳақида иложи борича очиқ гаплашамиз, аммо... – Мунгбой тиш духтирига ёки ортопедга келмаганини тушинди. Борича гапиришни лозим деб топди. Лекин гапи оғзида қолди, шифокор сўзини давом эттирди.

–Қирқ беш йилдан ошиқ тажрибамга таяниб айтсам, ЛГБТ вакилларининг ота-оналари ўз фарзандларини тўғри тушинган ҳолатлар жуда камдан-кам бўлади. Саноқли ота-оналар билан юзма-юз гаплашаман. Кўпчилиги, ўзингиз биласиз... Биз яшаган жамиятда бу жуда ҳам ёпиқ, жуда нозик мавзу. Ачинарлиси, ота-оналарнинг орасида ўғлидан ёки қизидан воз кечганлари анчагина. Ҳатто уйдан қувиб юборишади. ЛГБТ вакиллари ким эканини тушинишга ҳаракат қилганлар – асосан оналар. Оталар келгани эсимда йўқ. Оталардан илк бора сиз билан бугун кўзма-кўз...

Энди жиддий гап бўлишини кутди Мунгбой. “Отанг келганидан хурсандман” дейишининг  замирида гап ётган эканда. Энди у сир билгизмасдан, ўзини ушлаши кераклигини тушинди. Анорни бошқалар аллақачон Алик дейишини англади.

 –Демак... – Мунгбой қизини қўли билан кўрсатиб, қизим ёки ўғлим дейишини билмади, - буники қанақа? Лесбиянка... – дея ноқулай савол бериб олганини сезди.

– Йўқ, Алик лесбиянка эмас, у трансгендер. Аввал бу терминни эшитганмисиз?

– Кўп эшитганим билан... 

– Аввал Совет даврида ҳам бу масала бор эди. – Шифокор тушиндиришга ошиқди. – Аммо ёпиқ мамлакат бўлгани учун бу мавзу жуда сир сақланарди. Элга эшиттирилмасди. Медицина бунга йигирманчи асрда жиддий эътибор қарата бошлади.

–Бу қанақасига?... Табиятнинг хатосими ёки психотерапия ёрдамига муҳтожми? Ёки онасини йўқотгандан кейинги психологик травма бўлдими? Депрессиями?

– Йўқ, бу ҳеч қанақа касаллик эмас. Бу шунчаки табиий феномен холос. Масалан, ҳаётда баъзи аёллар бешта ёки еттита эгизак туғади, тўғрими?

– Ҳа, бўлиб туради.

– Уни табиятнинг хатоси дейиш мумкинми?

–Йўқ, албатта! – Мунгбой мактаб ўқувчиси каби жавоб берди.

– Бу ҳам шу сингари бир ҳолат.

– Таъжубдаман! – лолу-ҳайронлигидан оғзи очилди.

– Аслида табиятда ўсимликларнинг, ҳайвонларнинг орасида ҳам бу ҳол учраб туради. – Шифокор одамзот тарихида неча замонлардан бери бўлиб келган гомосексуализм ҳақида астойдил гапириб берди.

Мунгбой эса шифокорни тинглаб ўтиргани билан ҳаёли кино тасмаси каби Анорнинг болалик кунларини эслай бошлади. Инсоннинг эслаш қобилияти ҳам қизиқ эканда, бир паста кинодагидек ҳамма нарса ёдига тушди. У кинода Анорнинг тетапоя қадам ташлаган пайти кўз олдида гавдаланди. Кўчада бўладими, уйдами, ҳамиша ўғил болалар билан ўйнар эди. Ўғил болалардан ўйинчоқ талашарди. Қизларнинг ўйинчоғларига яқин йўламасди. Уйга келган қариндошлари: “Қизингиз ўғил болага ўхшаркан”, дейишса кулиб қўярди ва “Бўйи етганда, гулдек қиз бўлади” дея жавоб берарди.

Ўйлаб қараса, Сожира иккиси Анорга юбка кийдиришга уриниб, овора бўлишарди. Алдаб ҳам кийдира олишмасди. Мактаб остонасини ҳатлаган кунидан бошлаб Сожира Анорга мажбурлаб юбка кийдирган пайтлари бўлди. Анор эса тўполонг қиларди уйда. “Тавба”, - деди ичида. Кейинчи? Ўн ёшида шахмат бўйича республика чемпиони номини олгандан бошлаб шахматдаги тажрибали мураббийлар Анорнинг бир афзаллиги таъкидлашарди.

–Аслида, аёлларнинг психологик ўзгачалиги шундаки, - деган ҳалқаро мастер Натан Зильберман, - қизлар шахматда ҳимояланишга кўпроқ эътибор қаратишади. Эркаклар эса ҳужумга эрта ўтишади. Анор ким билан мусобақалашмасин, дарров ҳужумга ўтади, ҳимояси ҳам аъло, - деганини эслади Мунгбой.

Шифокор эса тинимсиз гапираверди:

–1990-йилнинг 17-майида Жаҳон Соғликни Сақлаш ташкилоти ЭОК-10ни психик касалликлар гуруҳидан чиқарган. Демак, ЛГБТ ҳамжамиятидагиларни психик касал деб ҳисобламаслигимиз керак, - деган шифокор Мунгбойнинг кўзларини очди. –Аммо ачинарлиси шундаки,- дея қўшимчалади, - бугунги кунда жамиятда, ҳатто оқ халатчанлар орасида ҳам ЛГБТ вакилларини тушинадиган мутаҳассилар оз. Бизнинг жамият буларни ҳозиргача кўкракдан итариб келмоқда.

Шифокорнинг сўзларини тинглаган Мунгбойнинг қалбидаги юк енгил тортгандек бўлди. Вужудини эгаллаган оғриқлар тарқаб кетгандек гўё. Бир зумда инсон табиятининг сирли жумбоғи ечилди. Умрига татигулик кун бўлди бугун. “Мен ҳеч нарса билмаслигимни биламан” деб Суқрот бекорга айтмаган эканда. Унинг олдида Мунгбойнинг билганлари ипак эшолмайдику. У инсон табияти ҳақида деярли ҳеч нарса билмаслиги англади.

Мунгбой шифокорнинг ҳузуридан чиқишга шошди. Унинг қалбида умуман бошқача туйғулар уйғонди. Шу пайтгача ўзи кўриб юрган нарсаларга бепарво бўлган экан-да. Агар аввалроқ эътибор қаратса, қизи бунчалик азоб чекмасмиди. Гап ўзида экан-у, сезмабди...

Анорнинг олдида тиз чўкиб, тушинмовчиликлар учун кечирим сўрашни истади. Шу онлардан бошлаб дили ағдар-тўнтар бўлди. Энг оғир дамлар шу дақиқалардан эътиборан ортда қолишига ишонди!

Шифокордан чиқишгач, Анорни бағрига босди. Иккиси ҳам кўпдан бери бири бирини кўрмаган инсонлар каби маҳкам қучоқлашишди. Иккисининг кўзларига ҳам қувонч ёшлари тўлди. Энг асосийси, қизида жин касали йўқлигига суюнди. Телба бўлгандан кўра транс-йигит бўлгани яхши эканини ўйлаб, енгли тортди.

– Болам, – деди умрида биринчи маротаба. – Бундан буён исминг Алик бўлсин! Ҳаммаси сен ўзинг истагандек бўлсин!

Иккисининг гапи тугайдиганга ўхшамайди.

– Ота, биласизми... Сиз бир марта “шу қизим эркак бўлиб яралса, тентак бўлиши аниқ” дегандингиз. Мен учун сиздан эшитган энг ёқимли комплимент шу бўлган. Ичимда жуда қувонган эдим. Ана шу сўзингиз учун бошим осмонга етган. Отам мени қўллаб-қувватлар экан деган фикр яралган. Қариндошлар менга “эркакка ўхшайсан” дейишса суюнардим. Силарга билинмаган-да... – Аликнинг қувончи унинг қалтироқ босган, ҳаяжонланган овозидан сезилиб турди.

Унда аввал бунақа қувонч ҳисси бўлмаганди.

Лекин Мунгбой қизига қачон бундай деганини эслай олмади. Балки ўзи гапирган гапга эътибор ҳам қилмагандир. Лекин Алик учун унутилмас даражада ёқимли бўлган эканда. Уйга келиб-кетганларнинг барчаси Анорни ўғил болага ўхшатишларини эслади.

–Ота, - деди Алик, - биласизми... Мен сизнинг кўнглингизни қолдириш учун нималар қилмаганман. Ҳамма қадамимни ақл-идроким билан ясардим. Юрагингизни оғритиш учун...

Буни эшитган Мунгбойнинг кўзига жиққа ёш тўлди. Ўғли эса сўзини давом эттирди:

–Инсон учун ҳамма нарсани била туриб, ақл-идрок билан қайсидир қадамга боришдан ўтар азоб йўқ экан. Кўнглингизни музлатиб, уйдан чиқиб кетишнинг чорасини изладим. Сизнинг эса мендан кўнглингиз қолмади. Бу менга оғир ботарди. Кейинчалик уйга атайлаб маст аҳволда келдим, уйдан қувлаб чиқсин дедим... Ундай қилмадингиз... – Алик отасининг кўксига бош қўйиб, чуқур хўрсиниб олди. –Сиздек отам борлигидан бахтиёрман.

– Қизим, жоним менинг... – дея оғзидан чиқиб кетди ва “қизим” дегани учун узр сўради. –Болам, сен ҳам мени кечир... Сени тушинмай юрганим учун кечир... Бўлди, бундан буёғига сени ўғлим деб ҳисоблайман. Тамом. Ўтган кунлар ўтиб кетди. Ҳаммаси ортда қолди. Насиб этса, барчасини бошидан бошлаймиз.... Шу пайтгача бўлган воқеалар қўрқинчи туш бўла қолсин. Энди ҳотиржамман. Масала ҳал бўлди... зулмат ортда. Аммо олмадеккина юрагингни қийнамасдан шуни аввалроқ айтсанг бўлмасмиди? Кичик қалбингга бу юк оғирлик қилмадими!? Шунча кучни қаердан олдинг экан...

–Ота, аввалига мен бунинг ҳаммасини ўтиш даврининг синови деб ўйладим. Ўтиб кетади дедим. Лекин аксинча бўлди. Мен ўсмирликдан ўтганим сайин ўз жинсимни аниқлаш азобга айланди. Эсингиздами, коучнинг презентацияга боргандим?... Мен ўзимнинг ким эканимни ўшанда билдим. Мактабни, шахматни нега ташлаганимни сизга тушиндириб бера олмадим...

–Барчасини айт. Энди мен сени тўлиқ тушинишга тайёрман.

–Мактабни ташлашимга сабаби, ота... шантажга дучор бўлдим. Тўғрисини айтсам, синфдош қизларнинг биттасини севиб қолдим... Ишонасизми... уни шунчалик яхши кўришимни ўзига айтдим. Аввалига иккимиз яқин дўст эдик. У менинг ягона дўстим бўлгани учун мени тушинади деб ўйлабман. Унга севишимни айтдим. У эса бу ҳақида бошқа синфдошларимга гап тарқатиб айтиб юборди. Шундан бошлаб ҳаммаси мени лесбиянка дея бошлашди. Масхара қилишди... Мен ўзим ҳам лесбиянкаман деган фикрда эдим. Қизларни яхши кўришимнинг сабаби шу деб ўйладим. Худо-таоло мени лесбиянка қилиб яратса, демак шундайман дедим. Аммо лесбиянкаманми, кимман - ўзимни тушинмадим. Трансгендер эканимни кейинчалик шифокорларга борганда англадим. Унгача билмасдим. Мактабда ҳамма мени мазаҳлашарди. Лекин қўрқмадим. Менинг чўчиганим – сизнинг карьерангиз эди. Отангни мазах қиламиз, отанг элга шарманда бўлади деган қизлардан қўрқдим. Сизни кўпчилик танийди, шу боис ҳам синфдош қизларнинг шантажи кучади. Уйдан пул олиб келмасанг, кимлигингни мактабга тарқатамиз дейишди. Отанг шарманда бўлади дейишди. Неча бор пул берсам ҳам уларни тия олмадим... Бир марта чимпионатдан ютиб олган пулимнинг ҳаммасини бердим. Аммо улар мендан пул олган сари кўпроқ талаб қила бошлашди. Мактабни шунинг учун ташладим. Мен билимдан қочармидим, ота! Биласизку мени...

–Шуни вақтида айтсанг, ўзингни ҳам, бизни ҳам шунчалик қийнамасдингку, болам! – отаси куйганидан гапирди. –Менга карьерадан кўра қонимдан яралган сизлар ортиқсизларку. Карьера ерга кирсин! Одам бўлиш ёзувчиликдан минг бор яхшику, болам! Ҳеч бир карьера – оталик бурчдан буюк эмас мен учун! Бунинг шармандалик жойи йўқ. Худо тақдимиризга шуни ёзган бўлса, унинг нимаси шармандачилик...

–Сизга айтишдан қўрққанимнинг боиси, бундай воқеалар ота-она учун қаттиқ зарба эканлигини биламан. Бизда ота-оналар бунга тайёр эмас! Синаркан аксарияти... Оқ уйдаги катта амалдорнинг тақдири... Унинг боласи гей. Буни эшитган отаси ичкиликка муккасидан кетибди. Одамлар эшитса нима бўлади деб, боласини уйдан чиқармай қамаган. Отаси ўз жонига қасд қилишгача борган экан... боласини деб... Ёлғиз фарзанд. Ҳеч қаерга чиқармайди. Ҳамиша боласи тансоқчилар назоратида. Аммо барибир боласи уйдан қочиб кетди, охири гиёҳванд бўлди.

–Одамнинг табиятини тушинмаган нодонлик бу. Унинг ўғли худодан тилаб гей бўлиб олибдими. Тақдир дейди буни... Тушинмагани учун ўзининг ҳам, боласининг ҳам тақдирини вайрон қилибди, бечора...

–Ота, мени шунчалик тушинасиз, қўллайсиз деб ўйламагандим. Сиз мени тушинганингиз билан ҳалқ сизни тушинадими? Шунга ўйланаман... Сизни элга шарманда қилгандан кўра ўз жонимни қийганим ортиқ дедим кўп бора... Қўлим бормади ўз жонимга қасд қилишга. Кейин Түркиядан келгач сизнинг кўнглингизни бир йўла қолдиришга қарор қилдим... -Аликнинг овози қалтиради.

–Бунинг ҳаммаси сенинг болалик ҳомхаёлинг, - Аликни кичкиналидаги каби бошидан силаб, эркалатди. –Ҳали ҳам боласан. “Боланинг иши чала” дегани шу. Менга ўз вақтида айтсанг, ақллашардик аллақачон. Икковолон ота-боладек тушиниб олардик буни. Биз бошқалар учун эмас, ўзимиз учун яшашимиз керак. Одамлар биз ҳақимизда нима деса деяверишсин...

–Бир марта Сирияга кетиб қолишимга оз қолди.

–Нималар деяпти бу?! – отаси чўчиб кетди.

–Ҳа. Намоз ўқиган, ўраниб-чулғанган дугонам бор дегандимку сизга. Аввалига яхши қиз эди. Ўша бир марта “Сенга Аллоҳ ўзи ёрдам беради. Биз билан Сирияга юр. Аллоҳнинг аскари бўлсанг, сенга ёрдам беради”,- деди. Кейин онаси иккиси Сирияга кетишипти... Унинг гапларига ишонмаганим билан, лекин ўша томонларда ўлиб кетганим яхши деб ўйлагандим. Лекин унда ҳам сизнинг номингизга доғ туширишимни тушиндим.

–Катта бир фалокатдан худо бизни сақлаган экан. Сирияга соғ киши кетармиди? Қонхўр бўлиб, бошқаларнинг қонини тўккан одамга Аллоҳ қанақасига ёрдам берарди? – Иккиси анчагача индамай юришди. –Шахматни нега ташладинг, - деди эсига тушиб. 

–Дугоналаримга сиримни очгандим, улар “ақлинг жойидами?” деб, бир бирига ёйиб юборишди. Шахматдаги дўстларим орасида ҳам мени ҳеч ким тушинмади. Улар мени жиннидек кўришди. Биттаси ҳатто “сенинг ичингга жин кириб олган, муллага ўқит” деди. Унинг гапларига кулгим келди.

Иккиси йўлда суҳбатлашиб, уйга келишди. Аввал ҳеч бундай сирдош бўлишган эмас. Мунгбой фарзандларининг сирини, характерини шунчакчи юзаки биларкан холос...

*      *     *

Мунгбойнинг оиласида шу кундан бошлаб Анорнинг исми Алик бўлиб ўзгарди. Ҳеч ким Анор деб мурожаат этмайдиган бўлди. Уни ҳамма транс-йигит сифатида тан олди...

Ишни даставвал керакли инстанциялар талаб қиладиган паспортни ўзгартиришдан бошлашди. Паспортдаги жинси деган графада аёл деган ёзув эркак деб алмаштирилгандан бошлаб Аликнинг характерида меҳрибонлик пайдо бўлди. Бу дунёга такрор туғилгандек қувончга беланди. Ундан кейин гармонларни қабул қилишни бошлади. Аввалгидек алоҳида яшаш истаги, одамовилиги шамол суриб кетган булутдек йўқолди.

Мунгбойнинг оила аъзолари “одамлар нима дейди” деган тўсиқни осон енгиб ўтишди. Мунгбой қўшниларга, қариндош-уруғларга ҳеч нарсани яширмасдан, борича айтди. Шундан кейин антропология илмига қизиқиб, Аликнинг тақдиридан безовта бўлмай қолди.

Аслида, одамзод тарихида ЛГБТ феномени азалдан борлигини тушинди. Бу феномен раса, дин ва миллат танламаган Ер сайёрасининг муаммоси экан. Ҳаёт пайда бўлибдики, Худонинг қудрати билан яралган бу кўринишга қарши кураша олармидим деди ва юракни эзадиган муаммо сифатида қараб, бошини оғритмади. Пешонага ёзилган тақдирга кўниб, шукр қилиб яшашга қарор қилди.

Инсон боласигина эмас, ҳатто жониворларнинг орасида ҳам гей-арслон, гей-қўчқорлар учраб туришини антропология илми аллақачон исботлабди. Бунга лол қолган Мунгбой болалик даврида гувоҳ бўлган воқеаларни эслади. Ўзи мол-ҳол кўп Тенир-Тоо яйлов-қишлоқларида катта бўлди. Боқиб юрган моллар орасида баъзида қўчқор қўчқорга, айғир айғирга сакрарди. Уларни кўриб, “мияси йўқ маҳлуқ, бу нимаси?” дея тушинмасди. Шунча совлиқлар орасида лойиғи топилмагандек қўчқорнинг қўчқорга сакрагани ғалати дерди.

Ўзларининг йилқи тўдасига танлаб қўшилган Ойқашқа айғирнинг қилиғини ҳам унутмайди. У маҳлуқ бир тўда бияларга эътибор бермасдан, бошқа тўдадаги пичилмаган ғунон, пиштиларга сакрагани – Мунгбойнинг отасининг жаҳлини чиқарган.

–Э ҳаром ўлгур мол эканку бу! Тўдасида биялар тўлиб ётибди, бу ҳаромининг қилиғини қара! – дея куймаган жойи кул бўлганди.

Ойқашқанинг азов тойлигиданоқ ундан яхши тулпор чиқади деганлар кўп эди. Чўпонларнинг яйловдаги базмларининг бирида ғунон пойгаси ташкил этилиб, бир нечта тулпорни ортда қолдирган Ойқашқани миниб чопган Мунгбой гердайиб қувонганди. У бундан жуда ҳам суюниб, ўз тенгдошларининг отларини масхара қилганди.

Мол кўзини яхши билган йилқичилар ва тулпор топтаганларнинг ҳаммаси манглайида ойга ўхшаш қашқаси бор отни жуда мақташган. Осий ёшга етганида ундан бола олиш мақсадида Мунгойнинг отаси бир тўда бияни Ойқашқага солиб берди. Аммо Ойқашқа ўз тўдасидаги бияларга эмас, бошқа айғирларга кўз ортганди.

Ўша йили йилқи тўдасига Ойқашқанинг ўрнига бошқа айғир солишди. Кейинги йили ҳам умиди узилмаган Мунгбойнинг отаси Ойқашқадан бола олиш илинжида яна тўдага кўшди. Бу сафар ҳам Ойқашқа бияларга эмас, айғирларга талпинди.

–Бунинг бола бергиси йўқ шекилли. Мол бўлмай қол! – деганди иложсизликдан отаси.

Охири уни пичиб, тўдага бошқа айғир қўшди. Шундай қилиб Ойқашқадан тулпор ҳам, айғир ҳам чиқмади.

Мунгбой кейин бадиий адабиётга ишқи уйғониб юрган пайда Ойқашқани унутмай, у ҳақида шеър битганди. Ўша ижод намунаси 2002-йили 24-февралда “Қирғизстон маданияти” газетасида чоп этилган.

Демак, бу жумбоққа илмда аллақачон жавоб топилган экан. Мунгбой энди трансгендер ўғлига тушиниш билан муомала қилишдан бошқа чора йўқ деган хулосага келди.

*     *     *

Бир куни Алик отасини ЛГБТ ҳамжамиятидаги дўстлари билан таништирмоқчи бўлиб бир жойга олиб борди. “Лабрис” деб аталган ташкилот экан. Ўша кун ЛГБТ ҳамжамиятининг махсус байрами эканини айтишди. Торгина хонага йиғилган қиз-йигитларнинг орасида ўзи билан тенгдош Ойгул исмли аёл билан ёнма-ён ўтирди.

Тадбирга келганлар танишишди. Шундан сўнг Мунгбойга табрик учун сўз берилди.

–Ўғилларим, қизларим, дўстларим... – дея ҳис-ҳаяжон билан гап бошлади. – Барчангизни бугунги байрам билан муборакбод этаман! Бу ерда ҳамма биз яшаётган жамиятнинг муносиб вакилидир.  Ҳеч бирингиз осмону-ойдан тушиб қолган йўқсиз. Сизлар ҳам қора кўз қирғиз авлоди эканингизни тушинмаган жамиятда яшамоқдамиз. Бизнинг жамиятда сизларни кўкракдан итарганлар четдан топилишини барчамиз тушиниб турибмиз... -Мунгбой гапираётганда залда ўтирганларнинг орасидан кўпчилиги кўзига ёш олишди. -Мен буни ўз ҳаётимда ҳис келиб келаётганим учун ҳам яхши биламан... Келажак сизнинг қўлингизда. Албатта, у келажакни қуриш бизга осон эмас. Айниқса, сизлар учун. Ҳа, сизлар учун! Сабаби, ўғлим Аликнинг гапларига қараганда, менинг билишимча, бизнинг ўлкада сиз каби ЛГБТ вакиллари учун билим олиш, касб танлаш оғир. Орангизда истеъдоди очилмаганлар талайгина. Бу ердаги ҳар бирингиз соғломсиз, лекин сиздаги инсон ресурсини қўллашни юқорида ўтирганлар ўйлашгани йўқ. Агар ўйлашса, сизнинг ҳуқуқингизни бузмайдиган қонунлар ишлаган бўларди... Дунё ҳалқини илҳомлантириб келаётган қўл-аёқсиз Ник Вуйчични қаранг! Демак, одам боласининг имконияти қўл-оёққагина боғлиқ эмас эканда. Ник Вуйчичнинг муваффақияти бунга исбот. Сизларда қанча имкониятлар бор, уйғона олмаяпти. Келажак сизнинг қўлингизда деганимнинг боиси ҳам шу: жамиятнинг дунёқарашини ўзгартириш - сизнинг бурчингиз!

Бир вақтлардаги ирқлараро зиддият ниҳоят сусайиб, қора танлилар орасида буюк зиёлилар, санъаткорлар, олимлар, спортчилар ва ижодкорлар пайдо бўлди.
Улар бутун инсониятнинг умумий меросига айланган қадриятларни яратдилар. ХХI аср - инсоният учун яна бир синов. Бу синов ЛГБТ ҳамжамиятининг эътирофидир. Мен уни умуман "Одам+" деб атаган бўлардим! Биз инсон генетикасини фақат эркак ва урғочи деб ўйламаслигимиз керак... Ирқлараро зиддиятлар ниҳоясига етгани каби, мен ишонаманки, инсоният тарихида ЛГБТ одамлар ниҳоят ўз ресурсини бутун инсониятга тақдим этади! Ва бу кунлар узоқ эмас! Балки ҳозир сизнинг орангизда буюк даҳолар ўтиргандир! Буюк истеъдодлар ўтиргандир! Барча ота -оналар номидан бугунги байрам билан табриклайман!

– Рухсатми? – залда йиғлаб ўтирган ёшлардан бири қўлини кўтарди. – Мен сизни тинглаб ўтириб, ҳаяжонланганимдан... Кечирасиз... – Унинг овози бўғилиб, гапира олмай қолди.
 

Яна бири қўлини кўтарди.

–Макс нега йиғлаётганини ҳаммамиз тушинамиз, - деган йигитнинг ҳам кўзи намлашиб, овози қалтиради. –Бу ерда ўтирган барчамизнинг тақдиримиз бир хил... Ўғлини ёки қизини сиз каби тушунадиган ота-оналар... жуда... жуда кам ... Балки йўқдир... – у гапини давом эттира олмади.  

Энг биринчи қўлини кўтарган Макс ўзини тутиб олиб, гапини давом эттирди:

–Менинг йиғлаб юборишимнинг сабаби... Сиз гапираётганда хаёлларга берилдим, - йиғи аралаш овоз билан, - Вақти келиб менинг ота-онам ҳам ҳудди шу ерда... менинг дўстларимни байрамибиз билан табриклайди деп умид қиламан... Шуни айтишни истагандим... Сизга рахмат. Сизнинг сўзларингизни тинглаб, отамни, онамни кечиргим келди. Улар мени уйдан қувлаб чиқишса да чин қалбдан кечиргим келяпти...

–Мени ота-онам зўрлаб муллага олиб боришган. Мулла “қизингизнинг ичига жин кириб олган” деп, кўп муддат дуо ўқиб юрди, - чиройли қиз ўрнидан туриб, ўксиб йиғлаб юборди. -Мени шифокорлар ҳам тушинмайди. Улар мени турмушга чиқ, сеники унақа касаллик эмас, дейишганда мен уларга лесбиянка эканимни айтдим. Аммо улар мени тушинишни исташмади...

Қиз узоқ йиғлади. Йиғилган ёшлар Мунгбойга арзини айтиб, сирларини яширмай, кўз ёш тўкиб ўтиришди...

Мунгбой ўша куни “Лабрис” ташкилотига тўпланган ёшларнинг кўпчилигининг тақдирига ачинди. ЛГБТ ҳамжамиятидаги ёшларнинг аксариятининг ота-оналари уларни уйдан қувиб юборишган экан. Ўзига тенгдош Ойгул исмли аёл иккисидан бошқа ота-она келмади ўша куни. 

Фарзанди ЛГБТ вакилиман деганларни эшитгиси келмаганлар кўплигига Мунгбой ачинди. Аликнинг дўстларининг орасида аламига чидамай, ўз жонига қасд қилиш истагидаги турли ёшларни учратди. Мунгбойнинг эшиги улар учун доим очиқ.  Уларни юпатиб, ҳаётга илҳомлантириш унинг оталик бурчидек бўлиб қолди. Ўз ота-онасига айта олмаган армонини унга келиб айтишганда анча енгил тортию қолишларини англади.

Уйдан қувилган ёшларнинг баъзилари ота-онасидан хафа бўлиб, томирини кесганини кўрсатиб хўрсинишади. Гулдек йигит-қизларнинг жонидан кечишига туртган жамиятнинг, ота-оналарнинг уларни тушинмаслиги, кўкракдан итариши – Мунгбойга тинчлик бермайдиган бўлди.

Алик бир сафар калтакланган ҳолда келди. Нотаниш кимсалар “сендақалар бизнинг жамият учун хавфли” деган қоронғу тушунча билан қаттиқ савалашибди. Ўша воқеадан кейин уйдагилар Аликнинг ҳаёти учун безовта бўла бошлашди. Ўзларини “қирқ чўра” (қирқ ботир) деб атаб олган экстремал-миллатчи йигитларнинг ЛГБТ вакилларига душмандек қасдлиги чўчитди. “Демак, улар менинг ўғлимнинг изига тушишган экан” деган Мунгбой боласининг ҳаётидан ҳавотирланиб, уни Ғарб мамлакатларига кетириб юборишнинг йўлини излай бошлади. Аммо ўғли бунга кўнадиган эмас.

– Йўқ, ота! – деди кескин. -Мен бу дунёда ўзим учун яшагим келса, аллақачон Европага кетиб қолардим. Мен ўз жонимнинг осойишталиги учун яшашни истамайман. Қирғизстонда мен каби қанча инсонларнинг тақдири вайрон бўлаётганини кўра-билиб туриб кетиб қолишга журъатим етмайди. Мени ўз умримни тақдири синганларга бағишламоқчиман.

Аликнинг қайсарлигини билган отаси маъқул бўлди. Ўғлининг бундай ғайрати отасида фахр уйғотди...

Аста -секин Алик фаол фуқарога айланди. У инсон ҳуқуқини ҳимоя қилган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб, ҳаётда ўз ўрнини топди. Бироқ, кўпинча уйга келмай юрди, бир куни гап шунга тақалди.

–“Қирғиз индиго” ташкил этган “Шелтер” деган жойга кирдим, - деди ўғли.

–У қана-а ташкилот?

– Уй-жойсиз ЛГБТ вакиллари учун ташкил этилган бошпана, -дея тушиндирди Алик. –“Шелтер” деган сўз англатиб турганидек, қаровсиз қолганларга иссиқ жой тақдим этилади. Асосан, уйда ота-онаси қабул қилмаган ЛГБТ вакилларига ўша жойда ёрдам берамиз. Ҳар томонлама... Айниқса, маънавий қўллаб-қувватлашга муҳтож улар. Жамиятга сиғмаганимиз оз келганидек, кўпчилик дўстларим иш топишда ҳам қийинчиликка дучор бўлишади. Ачинарлиси шундаки – гап уларнинг ота-оналарида... Аксарияти “менинг сендек ўғлим йўқ, ёки қизим йўқ” деб уйдан ҳайдаб юборишган. Бу каби тақдир эгаларининг кўпчилиги ишга кира олмайди ёки керакли ҳужжатларни олишга қийналишади. Квартирага ижара учун тўлашга пул топа олмаганлар бор. Биз уларга кўмаклашиш мақсадида ташкилот тузганмиз.

–Қанақа ота-она ўз қонидан яралган ўғил-қизидан воз кечади?! Қандай бунга чидаб юришади, у маҳлуқлар?! Боласи учун одамлардан уялганлар ўзининг одам эканидан уялишса бўлмайдими! Боланинг уволи ургурлар! Боласига азоб бериш нимаси?.. Ўғил-қизга зор бўлгурлар! – Мунгбой ўғли айтиб берган тақдирлар ҳақида эшитиб, аламзада бўлди. –Одамлардан уялармиш! Тошбағр ота-оналар учун боласининг кўчада қолиши уят эмас экан-да... Кимнидир болага зор, кимгадир болани хўр қилган дунёнинг ишлари қурисин!

Жамият гўёки ачиган сутнинг идишига ўхшаркан. Сут қуйилган идишнинг тагидаги ачиган сутнинг қолдиғи кейин қуйилган сутни ҳам ачитгани каби, ҳалқ орасида эскича фикрдагилар, эскича қарашлар қолавераркан. Эски идишнинг тагидаги қолдиқ янги қуйилган сутни ачитиб юборганидек, эски тушунчалар жамиятнинг янгиланишига тўсқинлик қиларкан.

Алмисоқдан чўпчаклар билан яшаган элга одам табиятидаги сирлар бегона кўринавераркан. Илм тан олган ҳақиқатни одамлар орасидаги эскилик сарқитидан чиқа олмаганлар тан олмай, гей, лесбиянка, бисексуал, трансгендер бўлиб туғилганларни ёмон кўраверишар экан.

Аликнинг ЛГБТ ҳамжамиятидаги дўстлари Асил билан Мунгбой  учун ўз фарзандларидек бўлиб қолди. Асил иккиси қаерда бўлса ҳам ЛГБТ вакилларининг ёнини олиб, уларни ҳимоя қила бошлашди.

*     *     *

Операция – Аликнинг энг бахтли куни! Наркоздан кўзини очиши билан алахсираган ҳолда атрофдаги оқ халатлиларга олқиш айтди. Оқ халатлилар уни каровотга олишлари билан операциянинг тугашини бетоқат кутиб ўтирган Асил билан Мунгбойга мурожаат қилди:

–Мени расмга олинглар. Кўрсатингчи! – наркози тарқаб улгурмаган Аликнинг тили чайналди.

Вужуди қувончга тўла эди.

–Бунчалик шошмасангчи, - Асил ҳавотир олди. -Тикилган жойлар ажраб кетмасин, бошингни у қадар кўтарма!

Лекин Алик бошини кўтариб тўшакни очди ва икки кўкрагига қаради.

-Расмга олиб кўрсатинг! – мобил телефонини Асилга узатди.

– Чирқ-чирқ.

– Қани-қани! – шошилган Аликнинг кўзларидан олов сачради гўё.

Расмда дока боғланган кўкрагини кўриши билан юзига бахт нури ёғилди.

Ўғлининг қувончига гувоҳ бўлган Мунгбойнинг кўзи ёшланди. Бу қувонч кўз ёшлари эди. Болаликданоқ ўз баданига нафрат билан ўсган ўғлининг чексиз қувончига гувоҳ бўлди! Шу кунгача ўғлининг бу қадар суюнганини кўрмаган бўлса керак...

Алик болалигидан кўп бахтли кунларни бошидан кечирди, лекин уларнинг ҳеч бири бугунгидек эмасди. Унга бугунги қувончни Қудратли Худо эмас, оқ халатли жарроҳ тортиқ қилди. У Яратганга шукр қилиб ётиб, наркознинг кучи билан ухлаб қолди.

Узоқ вақтдан кейин кўзларини очган Алик ўзини худди янги туғилган чақалоқдек сезди. У тез-тез тўшагини очади ва кўкрагига қарайди. У кўкрагига ёпишиб ўсаётган аждаҳонинг бошидан қутулгани учун енгил тортди. Қайта туғилиш қувончини баҳам кўраётган Мунгбой ва Асилнинг кўзларида қувонч ёшлари порлаб турарди. Улар Whatsapp орқали қалбига энг яқин одамларга Аликнинг расмини жўнатиб, суюнчилашди!

Алик касалхонадан чиққан кундан бошлаб, унинг дунёси қувончга тўлди. Кўзгуга ён тарафдан қараб, ўзи учун мамнун эди. Оиласидагиларга мақтаниб:
-Қаранглар! – дейди такрор ва такрор.
У кўкрагини рўмол билан ўраб юрган оғриқли кунлардан қутулди.

Шу пайтгача уни қийнаб келган кўкрагидаги аждаҳонинг боласидек дўппайган сийна йўқолгани фақатгина Аликнинг қувончи, фақатгина Аликнинг бахти эмасди. Аликнинг бахти отасига ҳам ўтди. Ортда қолган азобли йиллардан қутулгани учун қувончи чексиз эди!

“Бу Худо Таоло яратган Одам+” дея тушинди Мунгбойнинг оиласи! Бошқалар эса буни ўзи истагандек тушинаверишсин!

2020-2021.

Орзу сари йўл

Менинг ҳаёт йўлим пиёданикига ўхшайди. Фақатгина пиёда сўнгги клеткага етиб, трансформация бўла олади. Ҳеч ким пиёданинг қудратини билмайди, унинг мақсади фақат ўзига аён.

Пиёдада қанақа фигурага айланиш учун танлов бор. Ҳоҳласа от, ҳоҳласа малика, ҳоҳласа фил бўла олади. Аммо у ўзи истаган фигурага айланиши учун йўлда ҳаётнинг оқ ва қора чизиқларини босиб ўтмоғи даркор.

Лекин энг муҳим кураш - бу мақсадга етишимга тўсқинлик қилиб, мени йўлдан оздиришга уринганларга, тўсиқларга қарши тура олиш. Ўзгаришга қанчалик яқин бўлсангиз, шунчалик ҳимоясиз бўлиб қоласиз ва ҳаёт хавфга тўла бошлайди.

Бу эса ҳудди пилла қуртининг капалакка айланишига ўхшайди. Трансформация босқичида у пиллага ўралади. У турли хавф-хатардан ўзини ҳимоя қила олмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун пиёдага бошқа фигураларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш муҳим ва унинг орзуси сари йўл хавфсизроқ бўлади.

Алик ШАКИРОВ

Таржимон - Санжар ЭРАЛИЕВ

Окшош материалдар

Комментарий калтырыңыз